Тypмyшнинг мyшти юмшaтилмoқдa

12:06 - 19.09.2020

20

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлди.

Ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни амалга оширмоқда. 

Жумладан, Чимбой тумани прокурорига тумандаги иккита овул ва учта маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган бўлиб, улардаги  5719 та хонадонда 32300 киши яшайди. Албатта, сектор аъзолари ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларни имкон даражасида ҳал этиш орқали одамларнинг турмушини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан мамлакатимизда жорий этилган карантин фуқароларнинг яшаш ва меҳнат шароитини бироз қийинлаштирди. Аммо ўз вақтида қабул қилинган қарорлар асосида фуқаролардан ҳеч бири беэътибор қолмади.

Таъкидлашни хоҳлардимки, энг аввало тумандаги камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сектор раҳбари ва тадбиркорлар ўз ихтиёри билан ҳудуддаги ёрдамга муҳтож 256 та оилага бириктирилди.

Saxovat.argos.uz сайтида рўйхатга киритилган 443 нафар камбағал, боқувчисини йўқотган, ёлғиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 538 млн. 935 минг сўм миқдорида ёрдам берилиши таъминланди. Жумладан, 67 млн. 546 минг сўмлик озиқ-овқат, 2 млн. 285 минг сўмлик дори-дармон тарқатилди. Шунингдек, диний байрамлар муносабати билан Президент фармонига мувофиқ муҳтож оилаларга 328 млн. 368 минг сўм пул берилди.

Бундан ташқари, 35 млн. 530 минг сўмлик қорамол, қўй-эчки, парранда ва асалари уялари, 23 млн. сўмлик иссиқхона, 3 млн. сўмлик иккита тикув машинаси каби аҳолининг ўзини ўзи банд қилиш имконини берувчи ускуналар совға сифатида берилди.

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда олдимизда ночор аҳволга келиб қолган оилаларни камбағалликдан чиқариш масаласи турибди. Халқ депутатлари Чимбой тумани кенгашининг июнь ойидаги қарорига мувофиқ кўрсатилган ёрдам натижасида сектор ҳудудидаги 146 та оила камбағаллар рўйхатидан чиқарилди. Яъни, уларнинг турмуш шароити яхшиланди.

Шунингдек, меҳнатга лаёқатли, лекин ишсиз 617 кишидан 494 нафарининг иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ хўжалик, қурилиш соҳаларида бандлиги таъминланди. Рўйхатдаги қолган ишсизларнинг ҳам бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, «Agro tazg‘ara» ишлаб чиқариш кооперативига 50 та оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга қабул қилиш режалаштирилган.

Руслан АТАМУРАТОВ,

Чимбой тумани прокурори