Тергов органларида профилактика фаолияти

12:13 - 19.09.2020

9

Жиноятчиликка қарши кураш тарихи шундан далолат берадики, жиноий жазо тизимининг инсон хулқ-атворини тартибга солишдаги имконияти жиноятлар динамикаси ва ривожланиш тенденциялари билан бир хил эмас. Аввалги жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилганларнинг қайтадан жиноят қилиши бугунги кунда ҳам кўп учрайди. Шунга кўра давлатнинг жиноятчиликка қарши кураш сиёсатида жазолашга қараганда жиноятларнинг олдини олиш чорасини кўриши самарали эканлиги аён бўлмоқда.

Глобаллашув жараёни кечаётган айни дамда жиноятларнинг олдини олиш учун криминоген ҳолатга таъсир қилувчи иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий омилларни ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатга мўлжалланган стратегик дастурларни қабул қилиш лозим. Мазкур дастурларни амалга оширишда жиноятларнинг олдини олишда бевосита қатнашувчи субъектларнинг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Жиноятларни профилактика қилишда давлат идоралари ва муассасалари, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар муҳим ўрин тутади. Мазкур органларнинг терговчиларига тўхталадиган бўлсак, биринчидан, терговчи жиноятларни профилактика қилиш тизимининг асосий субъектларидан биридир; иккинчидан, айнан тергов орқали жиноятнинг оқибатлари аниқланади; учинчидан, айнан тергов орқали жиноятларни профилактика қилишда қатнашувчи бошқа субъектларнинг фаолияти учун асос яратилади.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, айнан тергов чоғида жиноятларнинг нима учун ва қандай содир этилгани аниқланади. Мазкур сабабларни таҳлил қилиш жиноятларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини беради.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, терговчининг аниқ мақсадга йўналтирилган фаолияти жиноятчиликка қарши курашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Фикримизча, терговчининг профилактик фаолиятидаги умумий вазифаларига қуйидагилар киради:

– профилактикани амалга оширишнинг ташкилий асосларини белгилаш;

– профилактикани амалга ошириш босқичлари ва тактикасини ишлаб чиқиш;

– профилактикани амалга ошириш воситаларини танлаш ва қўллаш.

Терговчининг махсус вазифаларини эса шартли равишда қуйидагиларга бўлиш мақсадга мувофиқ:

– жиноятларнинг содир қилинишига имкон берган сабабларни аниқлашда уларнинг криминологик ва криминалистик хусусиятларини ҳисобга олиш;

– криминалистик фаолият доирасида профилактик таъсир қилиш объектларини аниқлаш;

– ўтказилган тергов ҳаракатларини таҳлил қилган ҳолда жиноятларнинг олдини олиш бўйича асосий йўналишларни белгилаш;

– махсус криминалистик характерга эга бўлган профилактик чораларни амалга ошириш.

Дастлабки терговда профилактик чораларни қўллаш бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Хусусан, жиноятнинг сабабларини аниқлаш учун техник ва тактик воситалар қўлланади.

Бу ерда шуни ҳам қайд қилиш лозимки, дастлабки терговда қўлланадиган профилактик чоралар криминоген ҳолатга тезкор таъсир кўрсатиш имконини берган ҳолда муайян жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Жиноятлар профилактикасига комплекс ижтимоий муаммо сифатида ёндашиш керак. Бу ўринда шуни айтиш лозимки, жиноятларнинг профилактикаси фақатгина турли хил чораларни қамраб олмасдан, ижтимоий тартибга солишнинг муҳим соҳаси ҳам ҳисобланади.

Жиноятларни профилактика қилиш махсус мақомга эга бўлган субъектларнинг фаолияти бўлиб, бу борада ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари қамраб олинган ҳолда жиноятларнинг сабабларига қарши курашилади.

Жиноятчиликка қарши курашда терговчининг асосий функцияларидан бири фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қонунга итоаткорликни рағбатлантириш, янги жиноятлар содир қилинишининг олдини олишдан иборат.

Мазкур функцияларни амалга оширишда тергов органлари жиноий таъқибдан ташқари, индивидуал таъсир чораларини ҳамда бошқа криминологик тадбирларни амалга оширади.

Бир қатор олимларнинг фикрича, терговчининг профилактик фаолиятида ижтимоий таъсир кўрсатиш чоралари муҳим ўрин тутади. Чунки бунда ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларини бартараф этиш билан бирга ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, фоҳишалик, ўз жонига қасд қилиш каби иллатларга қарши курашилади.

Ойбек СУЛТОНОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори