Тaмaгиp paҳбap

12:17 - 19.09.2020

29

Жамиятни ичдан емирувчи, тараққиётга тўғаноқ бўлган коррупцияга қарши кураш кучайтирилмоқда. Қонунчилик такомиллаштирилиб, хизмат вазифасидан ғаразли мақсадда фойдаланиш имконияти бартараф этиб борилмоқда. Давлат идораларининг очиқ фаолият юритиши, электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилаяпти. Коррупцияни келтириб чиқарувчи қоғозбозлик кескин қисқартилмоқда. Энг муҳими, тадбиркор ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ортиб бориши баробарида ҳуқуқини жойида талаб қилиши одатий ҳолга айланмоқда.

Асака тумани ветеринария бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган  Баҳромжон Маматазизов 2020 йилнинг 12 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси Асака тумани бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Бунгача ишчи гуруҳи режалаштирилган ерларга экин экилишини ўрганиш жараёнида «Қоратепалик Элнурбек» фермер хўжалиги раҳбари ўзбошимчалик билан 44 гектар ернинг 2,5 гектарига режада йўқ гул кўчатлари экиб парваришлаётганини аниқлайди. Фермердан кўчатзорни бузиб режадаги экинларни экиш талаб қилинади. Бу ишни пайсалга солгач, орадан уч кун ўтиб ишчи гуруҳи томонидан тракторда ҳайдаттириб юборилади, хўжалик раҳбари Х.Ҳосиловга (исм-фамилияси ўзгартирилган) ушбу майдонга қайтадан соя  ва сабзавот экиш тайинланади.

11 апрель куни комиссиянинг хулосасига кўра туман ҳокимининг белгилаб берилган экинлар ўрнига ноқонуний экин экиб олган 11 та фермер хўжалиги қатори «Қоратепалик Элнурбек» фермер хўжалигининг ерлари туман захирасига қайтариб олиниши тўғрисидаги қарори чиқарилади.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари Х.Ҳосиловни чақиртириб, ерларини захирага олиш тўғрисида ҳокимнинг қарори чиққани ҳақида огоҳлантиришади. Агроинспекциянинг туман бўлими бошлиғи Б.Маматазизов қўнғироқ қилиб «кўришайлик» дейди. Х.Ҳосилов ундан ери захирага олинганидан хабари бор-йўқлигини сўрайди. Б.Маматазизов «эртага билиб бераман» дейди. Эртаси куни кўришганларида ҳокимнинг қарори билан ери захирага қайтарилганини тасдиқлайди.

– Ерни олиб қўйишмасин, ўзимдан орттириб, ўн-ўн бешта камбағал оилага ҳомийлик қиламан, озиқ-овқат етказиб бераман, – дея таклиф қилади фермер.

– Туман ҳокими билан ер ўзингизда қолишини гаплашиб бераман, – дейди Б.Маматазизов унга.

Бир кун ўтиб қўнғироқ қилади. Учрашганларида ҳоким билан гаплашгани, 10 минг доллар берса, ери захирага олинмаслигини «тушунтиради».

– Бунча пулим йўқ. Икки-уч минг топиб беришим мумкин.

– Ўн мингдан ками бўлмайди. Йўқ десангиз ер захирага қайтарилади.

– Иш юритувчи билан маслаҳатлашиб, жавобини айтаман.

Х.Ҳосилов қарзга ҳам шунча пулни йиға олишига кўзи етмайди. Агроинспекциянинг туман бўлими бошлиғи қонунга хилоф талаб қўяётганини англаган ҳолда ДХХ Андижон вилояти бошқармасига мурожаат қилади.

23 апрель куни Б.Маматазизовга қўнғироқ қилиб пулни топиб қўйганини айтади. У ўн минг долларни Агроинспекциянинг Асака тумани бўлими идораси ёнидаги гўшт дўконининг сотувчисига бериб қўйишни тайинлайди. «Хавотирланманг, у билади, ундан ўзим оламан» дейди. Дўкон сотувчиси пулни санаб олганида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан холислар иштирокида ушланади. Ундан пулни олгани келган Б.Маматазизов ҳам қўлга олинади.

Дўкон сотувчиси Б.Маматазизовга пулни олиб қолиб, сўнг ўзига беришини тайинлагани, бу пул нима учун олинаётганини билмаслигини маълум қилди.

Бош прокуратура топшириғига кўра жиноят иши Фарғона вилояти прокуратураси томонидан холисона тергов қилинди. Дастлабки терговда Агроинспекциянинг Асака тумани бўлими бошлиғи гўё ўзи воситачи экани, туман ҳокими ва ҳоким ўринбосарининг йўл-йўриқларини бажаргани, 10 минг АҚШ долларини уларга бериш учун талаб қилиб олганига ишонтиришга уринди. Аммо биронта далил келтира олмади. Ҳоким ва ҳоким ўринбосари билан телефон қўнғироқлари текширилди. Улар билан телефон орқали ҳамда бевосита агроинспекция фаолиятига алоқадор иш бўйича гаплашгани аён бўлди. 

Суд Б.Маматазизовнинг важларини айбни ўзидан соқит этиш учун келтирилган дея баҳолади. Ваколат доирасига кирмагани ҳолда ҳоким қарори билан захирага қайтарилган ерни фермер хўжалигида қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, хўжалик раҳбаридан 10 минг доллар пора талаб қилиб олгани ашёвий далиллар, холис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди. Унга олти йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 

Равшан Раимджанов,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим АМИБ катта терговчиси