Пaндeмия шapoитидaги тaълим

11:51 - 19.09.2020

12

Уни сифатли ташкил этиш — долзарб вазифа

Биз пандемия шароитида яшаш, ишлаш, ўқишга ўрганишимиз керак. Бу шиор бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Табиийки, инсонлар ҳар қандай шароитда ҳам меҳнат қилишлари, илм олишлари зарур. Бунинг учун шароит яратиш билан бирга керакли кўникмаларга ҳам эга бўлиш талаб этилади.

Бир неча ойлик танаффусдан сўнг халқ таълими тизимида онлайн дарслардан анъанавий дарсларга қайтиш ҳаракати бошлангани соҳа мутасаддиларига катта масъулият юкламоқда. Зеро, фарзандларимизнинг пухта таълим-тарбия олиши, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайиши учун имконият яратиш биз учун энг муҳим вазифалардан саналади. Шу сабабли прокуратура органлари ҳам бу жараённи сифатли, ҳеч қандай хавотирга ўрин қолдирмайдиган даражада ташкил этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Қашқадарё вилоятида 1151 та мактаб бўлиб, уларнинг 411 тасида бир сменада, 740 тасида икки сменада дарс ўтилади. Икки баробардан (коэффициентдан) ортиқ қувватда ишлаётган мактаблар сони – 94 та. 

Мактаб ўқувчилари сони 645,4 минг нафар, шундан 1 – 4-синф ўқувчилари – 254,7 минг, 5 – 11-синф ўқувчилари – 390,7 минг нафар.

Тизимда ишлаётган 54562 нафар педагогнинг 40656 нафари олий, 1832 нафари тугалланмаган олий, 12076 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардир. Шундан 1 – 4-синфларда 15,5 минг, 5 – 11-синфларда 38,9 минг ўқитувчи фаолият юритиб, уларнинг 2246 нафари пенсия ёшида.

Айни пайтда ўқитувчиларнинг коронавирус инфекциясига таҳлил топшириш жараёни ҳудудлардаги прокурорлар томонидан алоҳида назоратга олинган.

Вилоят бўйича 588 925 нафар ота-онадан сўралганида уларнинг 469 321 нафари фарзандларини анъанавий, 119 605 нафари онлайн ўқитиш истагини билдирди. Онлайн ўқийдиган ўқувчиларнинг рўйхати тузилиб, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига берилди.

Бугунги кунда дарслар бошланган 83 та мактаб ҳомийлар томонидан 856 та пирометр, 12148 литр антисептик, 563 та дозатор ва 75341 та тиббий ниқоб билан таъминланди.

Шунингдек, Республика инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан мактабларни дозатор ва пирометр билан таъминлаш учун 2,3 млрд. сўм вилоят халқ таълими бошқармасига ўтказилди. Бу пулнинг тўғри сарфланиши алоҳида назоратга олинди.

257 та мактабда дезинфекция қиладиган гуруҳлар ташкил қилинди, бу жараён учун 771 нафар ходим ажратилди ва 965 та мактабга тиббий ходим бириктирилди.

Санитария эпидемиологик осойишталик маркази тайёр деган хулоса берганидан сўнггина мактабларни босқичма-босқич очиш режалаштирилган.

2020 йилги инвестиция дастури асосида вилоятда 11982 та ўқувчига таълим бериш қувватига эга бўладиган мактаблардан 27 тасини реконструкция қилиш,
2 тасини таъмирлаш ва 1 та янги мактаб қуриш белгиланган эди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 млрд. 54 млн. сўм молиялаштирилди ва барча мактаблардаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида якунланди.

Шу билан бирга, инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган 18,4 млрд. сўм пул ҳисобидан 9006 нафар ўқувчига таълим бериш қувватига эга бўладиган мактаб биноларидан 12 тасини реконструкция қилиш, 1 тасини таъмирлаш ва
1 та янги мактаб қуриш ишлари олиб борилмоқда. Уларни октябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Вилоят прокуратураси томонидан 2-сектор раҳбарларига ўқувчи ва ўқитувчиларнинг саломатлигини таъминлаш энг асосий вазифа эканлиги, ўқув йилини санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда бошлаш лозимлиги таъкидланмоқда. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган сектор раҳбарларининг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, вазиятни яхшилаш юзасидан кўрсатмалар берилаяпти.

Ҳеч шубҳасиз, халқимиз саломатлиги юртимизнинг энг катта бойлигидир. Бу бойликни асраш учун барчамиз масъулмиз. Қолаверса, пандемия шароитида фарзанд­ларимизнинг сифатли таълим олишларини ташкил этиш учун ҳам бурчлимиз.

Аҳоли  мурожаати тингланди

Ҳудудларда аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказмоқда.

Жумладан, 2020 йил 11-14 сентябрь кунлари Нукус шаҳри, Тахиатош, Бўзатов, Тахтакўпир, Чимбой, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 81 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилиниб, шундан 19 таси жойида ҳал қилинди, икки кишига ҳуқуқий маслаҳат берилди, 60 та мурожаат назоратга олинди.

Мисол учун, Бўзатов тумани 2-сектор ҳудудида яшовчи Р.У.нинг мурожаатига асосан «Қутанкўл» ОФЙда жойлашган 4-мактабгача таълим муассасасига олиб борувчи 1 км. йўлга ҳамда Чимбой туманида яшовчи А.Ж.нинг мурожаатига асосан у яшаётган кўчанинг 4 км. қисмига қум ва шағал ётқизилиб, фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилган.

Шунингдек, Бўзатов туманида яшовчи 9 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Қораўзак туманида яшовчи У.И.нинг тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 135 млн. сўм, А.Т.нинг 33 млн. сўм, Мўйноқ туманида яшовчи Р.О.нинг 33 млн. сўм, А.Ж.нинг 25 млн. сўм имтиёзли кредит олишига ёрдам бериш сўралган мурожаатлари ижобий ҳал қилинди.

Чимбой туманида яшовчи Р.Н.нинг моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича суд қароридан норозилиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2020 йил 10 сентябрдаги ҳал қилув қарорига апелляция тартибида протест келтирилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.

Эркабой ТАДЖИЕВ,

Қашқадарё вилояти прокурори