Paқaмлaштиpиш — дaвp тaлaби

12:08 - 19.09.2020

17

Суд – адолат қўрғони, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси мезони. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида «Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак» дея таъкидлаган эди.

Бу мақсадга эришиш учун суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари охирги уч йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, уларнинг самараси хусусида фикр юритиб, тизим олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 3 сентябрь куни Президентимизнинг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда 2020 – 2023 йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш белгиланган. Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар кўпайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараё­нини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Судлар фаолиятини рақамлаштириш жараёнида:

– 2021 йил 1 январдан судларда суд мажлиси тарафларнинг илтимоси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади ҳамда суд мажлиси баёни шулардан фойдаланган ҳолда шакллантирилади;

– 2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланади;

– 2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчилар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида SMS хабар орқали бепул хабардор қилинади;

– 2022 йил 1 январдан суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимоси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади;

– 2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида қулайлик яратиш мақсадида ўнга яқин интерактив хизмат йўлга қўйилади;

– 2023 йил 1 январдан суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топширилади ва қабул қилинади;

– судлар, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси яхшиланади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

– манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

– суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

– суд ҳужжатларини автоматик равишда шакллантириш.

2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилади.

Шунингдек, судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш режаси бўйича қуйидаги вазифалар назарда тутилмоқда:

– 28 та давлат органи ва ташкилоти, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

– судлар давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этадиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

– муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

– судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масаласини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимлари орқали фуқаронинг мулкий ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

– судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлардаги ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Шу билан бирга, Олий суднинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Шу орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул тақдим этилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад – судларда иш юритиш тизимини замонавийлаштириш, шунингдек, фуқаролар, тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳар қандай сарсонгарчиликларни истисно қилган ҳолда ҳимоя қилишдир.

Жасурбек Джаббаров,

Бош прокуратура бошқарма прокурори