Oтa бўлиш эмac, oтaлик қийин…

12:15 - 19.09.2020

35

Халқимизда «Ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин» деган гап бор. Бу оталик бурчини ҳамма ҳам эплай олмаслигига ишорадир. Чиндан ҳам бугун турмушидан ажралиб, фарзандлари таъминотини «унутиб» қўяётган ёки фарзандлари ўз бағрида бўла туриб, уларга тўғри тарбия бера олмаётган оталар йўқ эмас. Чамаси, улар фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялаш ота-онанинг конституциявий бурчи эканлигини билишмайди ёки тан олишмайди.

Катталарнинг айби учун товон тўлаётган болалар

Шундай экан, сизу биз, атрофдагилар, кўпни кўрган отахону онахонлар бу ҳақиқатни уларнинг қулоғига яна бир бор қуйиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди. Оила қураётган йигит-қизларга эътибор берсангиз, кўнглида бир дунё орзулар жўш уриб турган бўлади. Жумладан, оила қургач, тотув яшаш, ширин-шакар фарзандлар кўриш ва уларни тарбиялаш ҳақида ўйлашади. Ҳар бир оила миллатнинг бардавомлигини, миллий қадриятлар барҳаётлигини таъминлайди.

Агар оилада аҳиллик йўқолса, бундан болалар энг кўп жабр кўради. Эр-хотин ажрашиб кетса, яна болалар азият чекади. Таҳлилларга кўра, нотинч оилаларда улғаяётган болалар табиатан одамови бўлиб, руҳий синиқликда ва ҳатто кўнглида нафрат билан вояга етар экан. Ҳамкасбим Ойбек Жуманиёзовнинг газетамизнинг 2020 йил 23 июль сонида чоп этилган «Отамдан нафратланаман…» сарлавҳали мақоласида келтирилган фактлар ҳам фикримнинг тасдиғидир.

Кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандликка ўрганган кишиларда ирода ҳам сусайиб бораверади. Пировардида у нафақат оиласини, балки ўзини ҳам бошқаришга ожиз бўлиб қолади. Меҳнат қилиш, фикрлаш қобилияти сусайиб, халқ ибораси билан айтганда, «одамгарчиликдан чиқади». Афтидан, Озоднинг отаси ҳам шундай кўйга тушган. Онаси эса азбаройи болаларини тирик етим қилмаслик учун эрининг барча ситамларига чидаб келган. Лекин Озоднинг отасидан кўнгли қолган, уни кўришни ҳам истамайди, ҳатто ундан нафратланади. Баъзи аёллар бундай ситамларга чидаёлмайди. Бундай пайтда болаларининг тақдирини ҳам ўйлаб ўтирмайди. Оқибатда оилавий ажрашишлар юз беради. 

Хўш, пароканда бўлган оила болаларининг нима гуноҳи бор? Айбни катталар қилсину, товонини болалар тўлашсинми? Хотинини кўчага ҳайдаган эр эртага болаларининг кўнгли кемтик бўлиб қолишини хаёлига келтирармикан? Агар келтирганда болаларини тирик етим қилмаган бўлар эди.

Тубанлик ботқоғи

Яқинда ижтимоий тармоқларда хотинини инсон боласининг етти ухлаб тушига кирмайдиган усуллар билан таҳқирлаб келган самарқандлик эркак ҳақида ўқиб, даҳшатдан анча вақт ўзимга кела олмадим. Наҳотки инсон шу даражада тубанлашиши мумкин? Хотинига берган азобларининг мингдан бирини ўз синглисига раво кўрармикан у?

Шунчалик уқубатларга гирифтор қилинган аёлнинг гуноҳи бор-йўғи куёвга ёқмаслигию унинг синглиси билан тортишганида экан. Эркакнинг хотинини қандай тепкилагани акс этган видео эса дунёни кўзингизга қоронғу қилиб юборади…

Беихтиёр ўйланиб қоласан киши. Қайси асрда яшаяпмиз? Наҳотки атрофимизда гулдай аёлини, оиласини ботқоққа улоқтириб хўрлайдиган шундай тубан кимсалар бор? Шулар билан бир ҳаводан нафас олаяпмизми? Вазият шу даражага етгунича атрофдаги одамлар қаёққа қарашди? Ижтимоий тармоқларда ёзишгани сингари энди яраштириш билан иш битадими?

Болалар – келажагимиз

Маҳалламизда бахтли яшаб келаётган бир оилага кўз тегдими, эр-хотин ажрашиш ҳаракатига тушишди. Бироқ ўртада фарзандлар бор. Хотиннинг ўй-хаёлларини икки гўдак билан қай эшикка бош суқаман деган ҳадик қамраган бўлса, эр иложи борича болаларига алимент тўламаслик йўлларини ахтариш билан банд эди. Судда икки инсоннинг хаёлидан ана шундай икки хил ўй ўтмоқда. Хотин ёмон бўлса, ўз пушти камаридан бўлган болалар-чи? Ҳали эсини таниб-танимаган норасидалардан ота нима ёмонлик кўрдики, уларни моддий таъминотдан ҳам маҳрум этишга уринади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида айнан фарзандларига алимент тўлашдан бўйин товлаб келган отанинг масаласи кўриб чиқилди. Конституциямизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар…» деб ёзиб қўйилган. Оилада фарзанд туғилганиданоқ отанинг ҳам, онанинг ҳам зиммасига табиий ва қонуний равишда фарзандни вояга етгунча боқиш ва тарбиялаш мажбурияти юкланади. Бундан бўйин товлашга отанинг ҳам, онанинг ҳам ҳақи йўқ.

Сирасини айтганда, Фозил Асадов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Азиза Нурматова билан аҳил-иноқ яшаб келаётганди. Негадир кейинчалик ўрталарида тушунмовчиликлар келиб чиқа бошлади. Кундалик жанжаллар эр-хотиннинг ажрими билан якун топгандек эди. Лекин болаларнинг таъминоти масаласи ҳал этилмагани келишмовчиликнинг давом этишига сабаб бўлди. Алимент масаласи Азиза Нурматовани судга мурожаат этишга мажбур қилди… Ваҳоланки, ота-она фарзандига ўзининг нафақат моддий, балки маънавий ёрдами ҳам кераклигини ҳис қилиши, оила бузилган тақдирда ҳам буни унутмаслиги лозим. 

Аслида болани фақатгина алимент пули билан боқиш, вояга етказиш мумкинми? Бола аввало ҳам отасининг, ҳам онасининг маънавий кўмагини ҳис этишни истайди. Ўртоқлари олдида отаси билан фахрланишни хоҳлайди. Озод ҳам шуни хоҳлаган. Бироқ отаси унга ўрнак бўлолмаган, аксинча, ҳар куни ичиб келиб, онасини калтаклаб, ҳақоратлаб оиланинг тинчини бузиб келган. Ибн Сино таъкидлаганидек, «Оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто энг оддий бўлиб кўринган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади».

Қалби тоза инсонларни боладай беғубор деб таърифлашлари бежиз эмас. Катталар болаларга ўрнак бўлиши шарт, болалар эса ўзлари билмаган ҳолда катталарга ўрнакдир. Уларнинг адоват, туҳмат, ғийбат, ёвузликдан холи кўнгиллари ўзлариникидир! Агар шу иллатлар кўрина бошлаган бўлса, у кўнгилча катталар таъсирига ўта бошлабди… Болаларимиз бизнинг келажагимиз. Улар орзуларимизнинг ушалиши, хатоларимизни тузатишга имкониятдир.

Энг мақбул сармоя

Ҳиндистонлик Сундар Пичай 1993 йилда АҚШнинг Стенфорд университетида ўқиш учун грант ютиб олади. Бироқ Ҳиндистондан у ерга учиб бориш учун маблағи йўқ эди. Шунда отаси унга ўзининг қарийб бир йиллик маошига тенг пулга самолётга чипта олиб беради. Сундар умрида биринчи марта самолётда учиб, Америкага бориб университетда ўқий бошлайди.

Ўша йигит 2015 йилда жаҳоннинг энг бой компанияларидан бири ҳисобланган «Google» ширкатининг бош директори этиб тайинланади. 2019 йилда унинг йиллик маоши 281 миллион долларга тенг бўлган.

Сундар Пичайга отасининг бир пайтлар қарз олиб бўлса-да, фарзандини қўллаб юборгани кун келиб ўз мевасини берди. Шундай экан, энг мақбул сармоя фарзандлар келажаги учун тикилган сармоядир.

Эркак – оиланинг қўрғони

Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча харажатлар эркакнинг зиммасига юкланиши бежиз эмас.

Минг йиллар давомида юртимизда ота шахси улуғланиб, иззат-ҳурматга лойиқ кўриб келинмоқда. Оилада ота ҳал қилувчи гапни айтган. Ота ўтирган уйнинг томига фарзанд чиқмаган. Фарзанд йўлга отланганда оқ фотиҳани ота берган. Хуллас, ота шахси оилада олий даражага кўтарилган. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ этиб қўйган.

Аслида раҳбарлик масъулиятдир. Минг афсуски, бугунги кунда айрим оилаларда отанинг ўрни пасайиб бормоқда. Тайинли жойда ишламаслик, ичкиликка ружу қўйиш, ҳар хил гап-гаштаклар, осон ва енгил яшашга интилиш эркаклар мавқеини пасайтириб юбормоқда.

Отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, шаклланаётган шахсга намуна бўла олмаслиги, табиийки, бора-бора боласи олдида унинг мавқеини пасайтиради. Аслида эркаги бор уйнинг файзи ўзгача бўлиши керак. Бироқ ишёқмас, оилани боқиш ташвиши билан яшамайдиган ва уй беги бўлиб қолган, ғурурсиз эркак ҳеч қачон уйга файз ва барака кирита олмайди. Аслида эркаги бор оила – пойдевори мустаҳкам қалъа.

Эр одатда оиланинг қўрғони, ватан ҳимоячиси, фарзандлар учун мардлик тимсолидир. Падари бузрукворлик бахти эса бола тарбиясидек юкни елкасига ола билган, солиҳ, ибратли фарзандлар тарбиялаган оталарга насиб этади.

Халқимиз орасида бағрикенг инсонлар кўп. Улар ота-онасиз қолган болаларни ўз фарзандидан кам кўрмай меҳр бериб тарбиялайдилар. Бундай саховатпеша инсонлар ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, кинолар ишланган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган болаларнинг бир гуруҳини фарзандликка олган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласини эсланг. Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи асосида ишланган «Сен етим эмассан» фильми халқимизнинг энг севимли фильмларидан бири бўлиб қолгани ҳам бежиз эмас.

Биз юқорида бекорга бадиий адабиёт ва кинолар тўғрисида сўз юритмадик. Буларнинг барчаси маънавият билан боғлиқ бўлиб, инсоннинг камолоти учун хизмат қилади. Бироқ бундай тарбия мактабидан бебаҳра қолган Озоднинг отаси ва Фозил Асадовга ўхшаган кимсалар ҳам борки, улар маънавий бойликнинг қадрига етмайди. Оила шаънидан, унинг қадр-қимматидан пулни, маишатбозликни устун қўяди. Акс ҳолда ўз фарзандларини тақдир ҳукмига ташлаб қўймай, ҳаётда уларга ибрат бўлар эди. Зеро, Н.Новиков таъкидлаганидек, «Болаларнинг мурғак қалбига ҳеч нарса ибратдек кучли таъсир этмайди, барча ибратлар ичида эса ота-она ибратидан кўра чуқурроғу мустаҳкамроқ ибрат йўқ».

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»