Қopa кypcидaги қoндoшлap

12:23 - 19.09.2020

8

Суднинг қора курсисида уч қариндош. Ака, сингил, куёв… Улар бирлашиб, қотиллик содир этишган.

Баҳодир (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) Дилором билан 2017 йилда турмуш қурди. Аслида одамларнинг уйида мардикорчилик қилиб топадиган пулига ароқ ичиб юрадиган бу йигитнинг тўй қилишга ҳам қурби етмасди. Дилором ундан ҳомиладор бўлиб қолгани аниқ бўлгач, қизнинг уйидагилар кичкинагина тўй қилиб, тайинли бошпанаси бўлмаган куёвга келинни қўшиб, ижара уйга чиқариб юборишди. Дилоромнинг акаси Ўткир бу тўйга роса қаршилик қилди, аммо ота-онаси унинг оғзига уришди…

Тез орада оилада ўғил фарзанд туғилди. Унга Ботир деб исм қўйишди. Бироқ фарзанд ҳам бу оиланинг оғу аралашган ҳаётини ростлай олмади. Баҳодир тайинли жойда ишламасдан, яна одатдагидай ичиб келар, турмуш ўртоғининг бошига итнинг кунини соларди. Уни на уй қилиш, на рўзғор ташвиши безовта қиларди…

Қайнотаси ва қайноғаси уни тартибга солишга кўп уринишди. Аммо сархуш куёв уларни ҳам ҳақорат қилди…

Бу орада қилиқлари ҳеч қандай қуюшқонга сиғмаган куёвни наркология диспансерида даволатишга ҳам мажбур бўлишди. Бироқ Баҳодир бунинг учун қайнотаси, қайноғаси ва турмуш ўртоғига ўчакишиб қолди. Ҳеч қандай сабабсиз жанжал кўтарадиган бўлди.

Бу орада унинг жанжалларидан безор бўлган ижара уй эгаси ҳам оилани кўчага ҳайдади. Улар аввал Дилоромнинг ота-онасининг уйида, кейин яна турли жойларда яшаб юриб, охири бир тадбиркорга тегишли иссиқхонанинг қоровулхонасидан қўним топишди.

Бу ерда ҳам жанжал давом этди. Охири Ўткир акасига қўнғироқ қилган Дилором унга масалани шарт кўндаланг қўйди:

– Сиз акамсиз, сизга сингил керак эмасми? Мен жонимдан тўйдим, келиб масалани бир томонга суриб беринг ёки Баҳодирни ўлдиринг, мен ҳам қутулайин…

Ака унинг гапларига қулоқ солмасдан синглисига таскин берарди-ю, қўллари мушт бўлиб тугиларди. Охири бошқа куёви Қобилга Баҳодир жонидан тўйдириб юборганини, синглисининг талаби билан уни ўлдирмоқчи эканини айтди.

Ўтган йил ҳайит куни эди. Дилором яна акасига қўнғироқ қилиб додлади. Йиғлаганича эри яна ичиб келганини, боласининг бешигини улоқтирганини, ўзини яланғоч ҳолда кўчага ҳайдаганини айтди.

«Одам бўлмайди бу ярамас», – дея ўйлади Ўткир ва қўнғироқ қилиб, куёви Қобилни чақирди. Қобил велосипедда унинг уйига етиб келди. Ўткир уни кажавали мотоциклига ўтқазиб, синглиси яшайдиган иссиқхона томон жўнашди.

Дарвоза ёнида синглисини яланғоч ва абгор ҳолда кўриб, фиғони фалакка чиқди. Қоровулхона ёнида улоқтирилган бешик синиб ётарди.

Ўткир синглисининг аҳволини кўриб, куёвидан уялиб кетди. Дилором эгнига эски халатини ташлаб чиққач, бир амаллаб яна ўзини босиб олиб сўради:

– Яна бир ўйлаб кўр, нима дейсан, эринг ростан керак эмасми? Ўлдираверайликми? Кейин афсусланмайсанми?

Дилором яна дардини айтди:

– Эрим энди менга керак эмас, афсус қилмайман, бугун Баҳодирни ёки мени ўлдириб кетинг…

Ухлаб ётган Баҳодирнинг тепасига борган Ўткир ва Қобил уни тутдан ясалган калтак билан ура бошлашди. Кўрпача Баҳодирнинг қонига бўялди. Ниҳоят у тинчиб қолди.

Учовлашиб, унинг қўл-оёғини ип билан боғлашди. Жасадни мотоциклнинг юкхонасига ортишди. Йўл-йўлакай Ўткир ўзи ишлайдиган боғ ёнига қурилиш учун тўкилган бетон бўлакларидан бир нечтасини мотоциклга ортиб олди. Миришкор канали қирғоғига бориб, жасадни юкхонадан туширишди. Унга бетон бўлакларини боғлаб, сувга отишди. Жасад бир зумда сув тубига чўкиб кетди. Аммо уч киши томонидан амалга оширилган жиноят  барибир фош бўлди…

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида мазкур жиноят тафсилотларига ойдинлик киритилди.

Қайд этилишича, судланувчи Ўткир Атоев 1986 йилда туғилган. Маълумоти тугалланмаган ўрта, Косон туманида фермер хўжалиги раҳбари вазифасида ишлаган. Оилали, иккита фарзанди бор, Косон туманида яшаган.

Қобил Жовлиев 1996 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, ҳеч қаерда ишламайди. Оилали, битта фарзанди бор. Косон туманида яшаган.

Дилором Шойимова 1994 йилда Косон туманида туғилган. Маълумоти ўрта, ҳеч қаерда ишламайди. Оилали, битта фарзанди бор. Косон туманида яшаган.

Суд мажлисида судланувчиларнинг жинояти далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз исботини топди.

Суд ҳукм қилди. Ўткир Атоевга 15, Қобил Жовлиевга 12, Дилором Шойимовага 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, марҳумнинг яқинларига етказилган моддий ва маънавий зарарлар ҳам судланувчилардан ундирилди.

Ғазаб ва нафрат мана шу жиноятга сабаб бўлди. Салгина совуққон бўлиб, масалага бошқачароқ ечим излашганида, қўллари қонга ботмаган бўларди.

Обиджон ҚЎЛДОШЕВ,

Қашқадарё вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи