Maгиcтpaтypaгa имтиҳoн бўлиб ўтди

11:59 - 19.09.2020

6

2020 йилнинг 15 сентябрь куни «Ғалаба» боғи ҳудудидаги ёпиқ майдонда Бош прокуратура академияси магистратурасига кириш учун имтиҳон бўлиб ўтди.

Маълумки, ўтган ўқув йилидан бошлаб академияда магистратура бўлими ташкил қилиниб, дастлабки тингловчилар танлов асосида қабул қилинган эди. Эслатиб ўтиш жоизки, магистратурага юриспруденция мутахассислиги бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар, шунингдек, прокуратура ходимлари танлов асосида қабул қилинади. Бу йил ҳам академия магистратурасига абитуриентларни қабул қилиш жараёни ўтган йилдаги каби тенг ҳуқуқлилик, қабул ва танловнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилди.

– Академия магистратурасининг «Прокурорлик фаолияти», «Тергов фаолияти» ва «Коррупцияга қарши курашиш» мутахассисликлари бўйича 2020/2021 ўқув йилига жами 30 та қабул квотаси тасдиқланган, – дейди академиянинг магистратура бўлими бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов. – Ўқишга кириш учун чет тили бўйича тест саволларига жавоб берилади ва ҳуқуқий мавзуда эссе ёзилади. Эссе мавзулари жиноят ҳуқуқи, жиноят-процессуал ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик-процессуал ҳуқуқи каби фанларга оид бўлиб, номзод ўз билим ва қобилиятини тўлақонли намоён этиши учун таклиф этилган саволлар орасидан ўзига энг яқин бўлган мавзуни танлаш имкониятига эга. Миллий сертификат ёки халқаро сертификатларнинг В2 даражасига эга бўлган номзодларга чет тилидан имтиҳонсиз максимал балл берилади.

Кириш имтиҳонининг холис, очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида қабул комиссияси томонидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, чет тили бўйича тест саволларини тузиш, имтиҳонни ўтказиш ва жавобларини баҳолаш учун Давлат тест марказидан вакиллар жалб қилинди.

Номзодлар имтиҳонлар бўйича тасаввурга эга бўлиши учун эссе мавзулари, билетлар, суҳбат саволлари академиянинг расмий сайтида олдиндан эълон қилинди.

Ёзма имтиҳонни ўтказишда кузатувчи ҳамда имтиҳон жавобларини текширишда мутахассис сифатида турли таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва бошқа идоралар вакиллари таклиф қилинди.

– Юридик университетни тугатганимга бир неча йил бўлди. Ўша пайтда университетнинг магистратурасида ўқишга имкониятим бўлмаган эди. Аммо шунча йил давомида иштиёқим сўнмади. Бу йил Бош прокуратура академиясида ҳам магистратура борлигини эшитиб, ҳужжатларимни шу ерга топширдим, – дейди «Халқ банки» кадрлар департаменти бош мутахассиси Фахриддин Холмуродов. – Қолаверса, прокуратура органларида ишлашни, прокурор бўлишни орзу қилганман. Менга академия­даги суд жараёни имитацияси, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ҳамда бошқа машғулотларни ўтказиш имконини берувчи махсус ўқув хоналари жуда маъқул бўлди. Имтиҳон саволлари ҳақида тўхталадиган бўлсам, уларга олий маълумотли ҳуқуқшунос бемалол жавоб топа олади.

Академия расмий сайтида эълон қилинган имтиҳон билетлари автоматик тарзда электрон генерация қилинди. Ўттизта ўрин учун имтиҳон топширган 207 нафар номзодга индивидуал идентификацион рақам берилди, имтиҳон жавоблари эса тўлиқ шифрланди.

Имтиҳонни ўтказиш жараёни тўлиқ видеотасвирга олиниб, академиянинг «Фейсбук»даги расмий саҳифаси орқали онлайн тарзда намойиш қилинди.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»