Hoқoнyний бўшaтилгaн xoдимлap ишгa тиклaнмoқдa

12:22 - 19.09.2020

19

Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда аҳолининг турмуши яхшиланишига кўмаклашади.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 112-моддасида ходим ишга тикланганда иш берувчига меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказганлик учун унга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Худди шу мазмундаги учта ижро ҳужжати – фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2020 йил 10 июлдаги Ю.Шариповани Когон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси ва 21 августдаги Л.Пановани мазкур тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачи, И.Абзаловани Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси лавозимига ишга тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Когон шаҳар бўлимига келиб тушган.

Ниҳоят, адолат тантана қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг ҳал қилув қарори асосида иш берувчиларнинг буйруқлари бекор қилиниб, ходимлар ишга тикланиши таъминланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 25 августдаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасига нисбатан буйруқни бекор қилиш ва ишга тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжатига асосан тиббиёт бирлашманинг 12 нафар ходимини шу йилнинг 4 майидан ишга тиклаш ҳамда ўтган давр учун иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Шеробод тумани бўлимига келиб тушган ва ишга киришилган.

Меҳнат кодексининг 111-моддаси 1-қисмида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганда у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бюронинг туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи дарҳол ишга тиклаш тўғрисида расман огоҳлантирилиб, давлат ижрочисининг талабини бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 15 баробаригача жаримага тортилишига асос бўлиши тушунтирилди.

Шундан сўнг тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғи бекор қилиниб, асоссиз бўшатилган 12 нафар ходимнинг аввалги ишига тикланиши таъминланди.

Бундан ташқари, ўтган давр учун ходимларнинг 37 млн. 326 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди. 

Ойбек Тошматов,

Бош прокуратура ҳузуридаги
МИБ бошқарма катта инспектори