Cyд-ҳyқyқ тизимидaги иcлoҳoтлap

12:10 - 19.09.2020

21

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида 2020 йилни мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили» деб эълон қилган эди. Бундан кўзланган мақсад – юртимизда илм-фанни равнақ топтириш, ёшларни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишларни жадал давом эттиришдир.

Бугун рақамли иқтисодиёт ҳақида гап бошлашдан олдин, ўтмишга назар ташлайлик. Ушбу атамани 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте муомалага киритган, унинг мазмуни иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга оширишдир.

Ушбу тизимни қўллаш орқали инсонларнинг турмуш даражаси анча ошади. Бундан ташқари, у коррупция ва яширин иқтисодиётнинг асосий кушандаси ҳам ҳисобланади.

Шу сабабли 2020 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу дастур 284 та банддан иборат бўлиб, унда умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳалар кўзда тутилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунга қадар дастурда кўрсатилган вазифаларнинг бир қисми бажарилди. Хусусан, дастурнинг тадбиркорлик субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш борасидаги 84-банди ижроси юзасидан 6 июлда давлат раҳбарининг «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, 2020 – 2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси ҳам тасдиқланди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, тизимни такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, дастурни изчил рўёбга чиқариш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида давлат раҳбарининг 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Бундан ташқари, 2020 йил 13 март куни «Ўзбекистон Рес­публикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, унга кўра 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида қилинаётган ишларнинг давомини шу йил 30 июнь куни Президентимиз раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда давлатимиз раҳбари мутасадди идораларга судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлаш учун жавобгарликни кучайтириш ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Жавлон МУФТУЛЛАЕВ,

Амударё тумани прокурори