Бўтқaxўpлap ким экaн?

12:25 - 19.09.2020

15

– Яна санаб кўрайлик-чи… Ие, ўн тўққиз қути йўқ-ку?..

Санжар омборда турган қутиларни қайта-қайта санаб чиқди. Бўтқа жойланган қутилар камайиб қолганди. Ходимларидан суриштирди. Ҳеч ким билмас экан. Санжар маҳсулотни сотиш ё қабул қилиш вақтида ортиқча бериб юборилгандир дея ўйлади. Ходимларига танбеҳ берди:

– Ҳушёр бўлинглар. Ҳисоб-китобни пухта қилинглар…

Қамашилик тадбиркор Санжар Қаюмов Шаҳрисабз шаҳри «Пиллакашлик» МФЙда жойлашган омборни ижарага олиб, шу ерда «Nestle» ва «Pepsi» компанияси маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланиб келарди.

Ортиқча бериб юборилган деб тахмин қилинган қутилар ҳеч қаердан топилмади. Орадан бир ой ўтиб, 2018 йил 18 январь куни иш бошқарувчи омбордаги маҳсулотлар яна кам чиққанини айтди. Санжар Қаюмов дарҳол вазиятни ўрганишга киришди.

– Тунда соат бирга қадар омбордаги маҳсулотларни битталаб санаб, ҳисоб-китоб қилдим, – деди омбор мудири Шерқўзи. – Ҳаммаси жойида эди. Эрталаб келсам, 34 қути каша йўқ…

Эшиклардаги бирор қулф бузилмаганди. Омборнинг бошқа жойларида ҳам бузилган ёки тешилган жойлар йўқлигини аниқлашди.  Бошлиқ ходимларига бу сафар қаттиқроқ дашном берди:

– Бўлмаса, осмонга учиб кетдими шунча маҳсулот?! Ўзларинг йўқолишига сабабчи бўлгансиз, калитлар ўзларингда бўлса бу ерга сиздан бошқа ким киради? Йўқолган кашаларни топиб, жойига қўйинглар…

Санжар Қаюмов  йўқолган маҳсулотлар бўйича бирор жойга мурожаат қилмади. Ўзи ишчиларни синаб, кузатиб юрди. Бу омборда маҳсулотлар йўқолаётгани сабабли уларни қоровулхона олдидаги омборга кўчиртирди.

20 январь куни омбор ҳудуди бўйлаб 11 та видеокамера ўрнаттирди. Орадан беш кун ўтиб, камераларнинг офис олдидагидан бошқа ҳаммаси ишламай қолди. Мутахассис чақириб, таъмирлатишди. Лекин орадан тўрт-беш кун ўтиб, яна шу аҳвол такрорланди.

Чақирилган уста камера симлари узиб кетилганини айтди.

– Бўлмаса, ўша симларини ҳам камерага кўринадиган қилиб ўрнатиб беринг, – деди асаби бузилган тадбиркор.

Аммо бу иш ҳали ниҳоясига етмасдан навбатдаги «сирли воқеа» содир бўлди.

2018 йил 11 февраль куни тонгга яқин Санжар Қаюмовнинг телефони жиринглади. Бу вақтда ким безовта қилди экан дея минг бир хавотир билан телефонини қўлига олган тадбиркор қоровулнинг рақамини кўриб, ранги ўчди.

– Омбор деразасидаги панжара бузилибди, – деди қоровул ҳовлиқиб.

Санжар соат саккизларда омборга етиб борди. Омбор мудири Шерқўзи ва ишчи Шерали маҳсулотларни санаб, 41 қути бўтқа ва 2 қути шоколад йўқлигини айтишди.

Омборнинг ён томонидаги қоровулхона рўпарасидаги учта деразадан бирининг панжараси бузилган эди. Бошлиқ бу ердан ичкарига одам киришига ишонмади. Яна ўз ишчиларидан гумон қилиб, шу куни йўқолган нарсалар ҳақида ички ишлар бўлимига хабар берди.

* * *

Шерзод Шойқулов 2017 йил ноябрь ойининг охирларида синфдоши Бахтишод ишлаган омборхонага ишчи бўлиб ишга кирди. Аммо ниманидир баҳона қилиб, бир ярим кундан кейин кетиб қолди.

2017 йил 16 декабрь куни Бахтишод билан учрашиб қолди.

– Ҳалиям ўша ерда ишлаб юрибсанми? – деди у синфдошига.

– Ҳа, ўша ердаман, – деди Бахтишод.

– Менга қара, бир таклиф бор, – деди Шерзод атрофга олазарак қараб олиб. – Ўша омборнинг ҳамма эшиги-ю тешигини яхши биламиз. Беш-олти қути нарса обчиқиб, гум қилсак, каттанг билиб ўтирибдими?

Бахтишод ўйланиб қолди. Сўнг рози бўлди.

Эртаси куни ярим тунда ўша шум ниятларини амалга ошириш учун Суҳроб исмли йигитнинг «Ласетти»сида таниши Шаҳризод билан омборга келишди. Шерзод қоровулларга қараш учун қоровулхонага кетди. Шаҳризод маҳсулотлар турган омбор эшигига қопланган резина қопламани кўтарди. Бахтишод резина тагидан омборга кириб, бўтқа жойланган қутиларни Шаҳризодга узатди…

Бўтқани Суҳробнинг машинасида Қаршига олиб бориб, улгуржи нархда сотиб юборишди. Пул шериклар ўртасида тақсимланди.

Тез орада текин пулга ўрганган ҳамтовоқларнинг нафси яна хуруж қилди. 2018 йил 18 январга ўтар кечаси тўртовлон яна омборга пусиб кириб, бир неча қути бўтқани ўмариб чиқишди. Маҳсулотни Тошкентдаги бозорда сотиб, пулини бўлиб олишди.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дейдилар. 2018 йил 10 февраль куни кечаси Шерзод эски шериклари Бахтишод, Шаҳризод ва Суҳроб, янги ҳамтовоқлар Шаҳзод, Даврон, Маъруф билан ниқобда бостириб кириб, қоровулларнинг қўл-оёқларини боғлаб, қўрқитиб, бир неча қути бўтқа ва шоколадни олиб чиқиб кетишди…

* * *

Қинғир ишнинг қийиғи қачон чиқмаган? Тез орада бу иш ҳам фош бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида 1997 йилда туғилган Шерзод Шойқуловга оид жиноят иши кўрилди.

Суд ҳукмига кўра Шерзод Шойқулов 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Судланувчидан жабрланувчи С.Қаюмовга етказилган 9 миллион сўм зарар ундирилди.

Жиноятнинг қолган иштирокчилари ҳам қилмишларига яраша жазоланди.

Шаҳбоз АБДИЕВ,

Қашқадарё вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи