Бaнкнинг ўйинлapи кўпми?

12:20 - 19.09.2020

10

Одамзоднинг ҳаёти яхши бўлгани сайин янада яхши бўлишини истайди. Баъзан бу йўлда ноқонуний ишлардан ҳам тийилмайди. Икки банк ходимлари Умид Абдуллаев ҳамда Мансуржон Бобожоновнинг иши ҳам, ҳаёти ҳам яхши эди. Улар бунга қаноат қилишмади.

Умид Абдуллаев 2017 йил 3 мартдан 2018 йил 28 июнга қадар тижорат банкининг Бухоро минтақавий филиалида пластик карталар тизимини ривожлантириш бўлими бошлиғи, 2018 йил 28 июндан 2019 йил 23 январга қадар чакана операциялар бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлади. Жияни М.Бобожонов билан жиноий тил бириктирди ва 2018 йил 7 март куни у якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида Олот туманида рўйхатдан ўтди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги «Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2011 йил 17 ноябрдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари талабини қўпол равишда бузиб, енг ичида ишини битириб юраверди. 2018 йил март ойидан 2019 йил июнь ойига қадар халқаро тизимда ишловчи «Viza» терминали ва оддий терминал орқали ҳисоб­рақамига тушган 1 млрд. 468 млн. 200 минг сўм пулни фуқаролар А.Алиев, А.Боймуродов, Ф.Мардонова, Ф.Ҳайдаров ва ўзининг пластик карталарига кўчириб, тўлов терминаллари орқали нақдлаштириб олди.

Бундан ташқари, У.Абдуллаев «Ўзсаноатқурилишбанк» Бухоро минтақавий филиалида пластик карталар тизимини ривожлантириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келиб, Адлия вазирлигида 2014 йил 30 апрелда рўйхатга олинган «Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Респуб­ликасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида»ги низомга зид равишда, расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган. Яъни банк мижози бўлган «Акбар Урал транс» МЧЖда М.Исоев, Т.Жумаев, Т.Исоев, Ж.Исоев, Б.Қурбоновалар ишламаган бўлса-да, 2018 йил 8 августда уларнинг номидан «Viza» картасини олиш учун ариза ёзиб, имзоларини қалбакилаштириб карта олишга эришган ва улардан фойдаланиб келган.

У.Абдуллаев анча тажриба орттиргач, жиноий ҳаракатларини давом эттирди. М.Бобожонов билан тил бириктириб, 2018 йил 14 мартдан 2019 йил 16 июнга қадар унинг номига расмийлаштирилган «Viza» терминали орқали Туркманистон фуқароларининг «Viza» карталаридаги валютани қонунга хилоф равишда нақдлаштириб беришни режалаштирди. Ушбу фуқароларнинг 152 687 АҚШ долларини нақдлаштириб беради.

Суд ҳукмига кўра У.Абдуллаевга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Судланувчи М.Бобожоновга тайинланган жазо шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Камол Исабоев,

Департаментнинг Бухоро вилояти ,бошқармаси катта инспектори