Аҳоли мурожаати тингланди

11:55 - 19.09.2020

10

Ҳудудларда аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказмоқда.

Жумладан, 2020 йил 11-14 сентябрь кунлари Нукус шаҳри, Тахиатош, Бўзатов, Тахтакўпир, Чимбой, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 81 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилиниб, шундан 19 таси жойида ҳал қилинди, икки кишига ҳуқуқий маслаҳат берилди, 60 та мурожаат назоратга олинди.

Мисол учун, Бўзатов тумани 2-сектор ҳудудида яшовчи Р.У.нинг мурожаатига асосан «Қутанкўл» ОФЙда жойлашган 4-мактабгача таълим муассасасига олиб борувчи 1 км. йўлга ҳамда Чимбой туманида яшовчи А.Ж.нинг мурожаатига асосан у яшаётган кўчанинг 4 км. қисмига қум ва шағал ётқизилиб, фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилган.

Шунингдек, Бўзатов туманида яшовчи 9 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Қораўзак туманида яшовчи У.И.нинг тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 135 млн. сўм, А.Т.нинг 33 млн. сўм, Мўйноқ туманида яшовчи Р.О.нинг 33 млн. сўм, А.Ж.нинг 25 млн. сўм имтиёзли кредит олишига ёрдам бериш сўралган мурожаатлари ижобий ҳал қилинди.

Чимбой туманида яшовчи Р.Н.нинг моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича суд қароридан норозилиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2020 йил 10 сентябрдаги ҳал қилув қарорига апелляция тартибида протест келтирилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.