Xизмaтини қилиб, мyштини eди…

10:54 - 16.09.2020

1

Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Жасур (исмлар ўзгартирилган) айбига қисман иқрор бўлиб қуйидагиларни билдирди:

– 2019 йил август ойининг ўрталарида танишим Давроннинг уйида пахса девор ураётгандик. Ҳамқишлоқларим Рамзиддин, Дўстмурод, Салоҳиддин тўртовимиз бирга ишладик. Биронтамизнинг иши чиқиб қолса ўрнига ҳамқишлоқлардан бирон кишини чақирардик. Чунки пахсанинг иши оғир.

20 август куни шеригимиз Салоҳиддиннинг соғлиғи бўлмай ишга чиқмади. Ҳамқишлоғимиз Мирзони бир кунлик ёрдамга чақирдик. 21 август куни эрталаб «Нексия» русумли машинамда пахса ураётган жойга ишга бордим. Сайфиддин ўзи ишга чиқди. Тушликкача Рамзиддин, Дўстмурод, Салоҳиддин тўрталамиз пахса урдик. Тушликда Мирзо ҳам келиб қолди. Бирга овқатланаётганимизда ҳамқишлоғим Собир менга қўнғироқ қилиб Мирзо билан гаплаштиришни сўради. Мен Мирзога телефонни узатдим. Улар гаплашди. Кейин Мирзо «…усталар ишни тугатибди, пул бериш керак экан» деди. Қишлоқда Собир билан Мирзо шерикликда артезиан ўрнатаётган эди. Ярим пулини Мирзо бериши керак бўлган. Шунинг учун Мирзони чақиришаётган экан. Мирзо менга: “Машинангизда бориб келайлик”, деди.

Соат 13:30 ларда Мирзо иккаламиз менинг машинамда йўлга чиқдик. Андоқ марказидаги дўкон олдида тўхтадик. Мирзо дўконга кириб икки шиша ароқ ва 1,5 литрлик икки баклашка кола ва колбаса олиб чиқди. Кейин артезиан қазилган жойга бордик. Артезиан қазилган жойда Собир, Мирзо, уста ва мен тўрталамиз ишни якун қилиш баҳонасида ўтирдик. Мирзо олиб келганларини ўртага қўйди. Собир ҳам икки шиша ароқ олиб келди. Жами уч шиша ароқ ичилди. Мен яна ишга қайтиб бориб ишлашим кераклиги ва машина бошқариб юрганим сабабли камроқ ичдим. Соат 16:30 ларда Мирзо билан бирга машинага ўтириб кетмоқчи бўлдик. Машинамни бураётганимда олд ўнг томон балонига қозиқ кириб кетди. Балондан айрилганим жуда алам қилди. Ўзи мардикорчилик қилиб кун кўрсам, битта балон фалон пул турса? Юкхонадан захира балонни олиб қўйдим. Кайфиятим бузилиб Мирзога «…сен учун келгандим, битта балондан айрилдим» деб жаҳл билан гапирдим. Чунки Мирзо айтган жойга бориш ёқмаганди. Қаттиқ илтимос қилгани учун ноилож боргандим.

Мирзо иккаламиз машинада пахса ураётган жойимизга қараб йўлга чиқдик. У маст бўлиб қолган эди. Йўлда «…тўхтанг ташқарига чиқмоқчиман» деди. Тўхтадим. Ўзим ҳам четроққа бориб ҳожат чиқариб машинам олдига келсам, Мирзо машинанинг орқа эшиги олдида ҳожатини чиқараётган экан. Аччиғим чиқиб «…узоқроққа борсанг бўлмайдими?», дедим зарда билан. Мирзо машина эшигини бир урди.

Мен Мирзонинг олдига бориб машина эшигини ёпган эдим, Мирзо кутилмаганда пешонамга ўнг қўли билан мушт туширди, камига яна жуда қўпол сўкди. Алам қилди: ҳам хизмат қилсанг, ҳам мушт есанг… Мирзо мендан ёш ва анча бақувват бўлгани сабабли унга кучим етмасди. Шунинг учун аламимни ичимга ютиб, машинага ўтириб, уни миндирмай кетвордим.

400-500 метрлар юргач, аламим ошиб бораверди. Ўзимдан ёш болага шунча хизмат қилиб, ҳам битта балондан айрилиб, яна мушт еб, ҳам сўкиш эшитиб кетаверишга чидамадим. Жаҳлим ўзимга зўрлик қилаверди. Шартта машинани ортга бурдим. Аслида режам аниқ эмасди. Ҳаракатларимни бошқаролмаётган эдим. Унга кучим етмагани учун ғазабим, аламим кучли эди.

Мирзо йўл четида қишлоқ томон қайтиб кетаётган эди. Машинани ўрта тезликда ҳайдаб бориб орқасидан урдим. Мирзо отилиб кетиб машина капоти устига йиқилди, боши олд ойнага қаттиқ урилди. Олд ойнанинг ўша жойи синиб кетди. Мирзо ён томонга йиқилиб тушди.

Мен шунда бирдан ўзимга келдим ва қўрқиб кетдим. Мирзога ёрдам кўрсатиш эсимга ҳам келган эмас. Машинани уч-тўрт метр ортга ҳайдадим-да, йўлга чиқиб уйга қайтиб кетиб қолдим. Ўша пайтда бир бола велосипедда келаётган эди.

Шу куни туман ИИБ ходимлари уйга келиб мени машинам билан олиб кетди, ўзимни шифокор кўригидан ўтказишди. Аслида ундан аламимни олмоқчи эдим, холос. Бунақа бўлишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Олдиндан ўртамизда зиддият бўлмаган.

Суд мажлисида берган кўрсатувларим тўғри, қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, қонуний енгиллик беришларингизни сўрайман…

Худди шу пайт велосипедда келаётган бола воқеани кўриб қўрққанидан тўхтаб қотиб қолди. Яқин атрофдаги мактаб қоровули югуриб чиқиб, боладан нима бўлганини сўради. Бола айтди. Қоровул дарҳол ИИБ профилактика нозири ёрдамчисига ва «тез ёрдам»га қўнғироқ қилди.

Профилактика нозири ёрдамчиси дарров етиб келиб, вазиятни назоратига олди. Бирламчи вазифаларини бажарди. Шу пайт «тез ёрдам» ҳам етиб келиб биринчи ёрдам кўрсатди ва Мирзони туман шифохонасига олиб кетди. Мирзо икки кун беҳуш ётиб, ўзига келмай вафот этди. 

Жасурга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қуроли деб эътироф этилган «Нексия» машинаси давлат ҳисобига мусодара қилинди.

Улуғбек РАҲИМОВ,

Каттақўрғон тумани прокурорининг ўринбосари