Ўтмишсиз келажак йўқ

10:35 - 16.09.2020

2

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг топшириғига асосан Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев раҳбарлигида тажрибали ходимлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан шаҳар прокуратураси органларининг 75 йиллик тарихига бағишланган «Ўтмишсиз келажак йўқ» номли китоб-альбом тайёрланди.

Ушбу китоб-альбомнинг тақдимоти Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги байрами кунлари ўтказилди.

Китоб-альбомда 2200 йиллик тарихга эга бўлган Тошкентнинг узоқ ва яқин ўтмиши, собиқ СССР ва Ўзбекистон мустақиллиги йилларида тутган ўрни, ривожланиши ҳақида муҳим фактлар келтирилган. Шаҳар прокуратураси органларининг ходимлари, уларнинг фаолияти ҳақида маълумотлар берилган. Уларга ноёб фотосуратлар илова қилинган.

Мазкур китоб-альбом шаҳар прокуратураси органларининг тарихини ёш мутахассисларга ҳаққоний ва тўлиқ етказиш, уларнинг прокуратура ходимларининг масъулиятли ва шарафли хизмати ҳақидаги тасаввурини бойитиш, ёшларни касбга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, тизимда кўп йиллар самарали хизмат қилган фахрийларга эҳтиром кўрсатиб, бугун орамизда бўлмаган устозлар хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади.

Китоб-альбом ходимларимизга тарихий жараёнлардан тўғри хулоса чиқариш, улуғлардан ибрат олиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ёрдам беради деган умиддамиз.

Бош прокуратура томонидан ушбу китоб-альбом ижобий баҳоланиб, намуна сифатида вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларга ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга юборилганлиги бутун жамоамизга ифтихор бағишлади.

Хуршида Рахманова,

Тошкент шаҳар прокурорининг
катта ёрдамчиси