Шифокорнинг лоқайдлиги

11:01 - 16.09.2020

1

Туғуруқ  бўлимига тўлғоқ тутиб келган ҳомиладор аёлни акушер-гинеколог Зинура Жамилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Соғлиқни сақлаш тизимидаги туғуруқ муассасаларида перинатал ёрдам кўрсатишнинг сифатини ошириш бўйича миллий стандарт  талабларига мос равишда қабул қилмаган, ҳомиладорнинг ҳолатини белгиланган тартибда кўриб, керакли чораларни кўрмаган. Тўлғоқ қийнаб қайтиб келганида ҳам олиб қолмасдан, туғиш вақти-соати етиб келмаганини важ қилиб, уйига қайтариб юборган. Касб вазифасини виждонан бажармагани оқибатида ҳомиладор аёл вафот этган, ҳомиласи нобуд бўлган. Судда олтмиш ёшдан ўтган, афтидан дийдаси қотиб қолган акушер-гинеколог айбини тан олмади.

Моҳирахон Тойжонова ўн йил аввал турмушга чиққан, эри билан аҳил яшашган, икки фарзанд кўришган. Ҳомиладор бўлиб илк кўрикдан ўтганида таҳлиллари яхши чиқади, врачлар ўзи ва ҳомиласи соғломлигини қайд этишади. Ой-куни яқинлашгунича уй ишларини бемалол бажариб юради. Шу яқинда бўлган ота ҳовлисига пиёда бориб-келиб туради. Ўша куни ота ҳовлисига борганида, кундузи соат иккиларда тўлғоқ бошланади. Кечки пайт соат етти яримларда тўлғоқ ҳар беш минутда қайтарилади. Бели ва қовуғида оғриқ кучаяётганини айтиб, «доктор чақирмасанглар бўлмайди» дейди.  Онаси “тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Ўн дақиқада етиб келган «тез ёрдам» машинасида уни туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига етказишади. Онаси Ҳидоятхон ая бирга боради.

Навбатчи доя Замирахон Аҳатова онасига «ҳали бачадони оғзи очилмабди, эрта келибсизлар, ҳозир доктор келиб кўради, унгача УТТ аппаратига тушиб туринглар» дейди. УТТ ҳомила яхшилиги ҳақида хулоса беради. Юрак уриши ҳам яхшилиги қайд этилади. Орадан уч соат ўтгач,  акушер-гинеколог Зинура Жамилова Моҳирахонни юзаки кўрикдан ўтказиб, ҳомиласини кўриб, ҳали вақти-соати етмагани, уйга кетаверишлари, эртаси куни кечки пайт соат 18:00 ларда  келишлари лозимлигини уқтиради. Ҳидоятхон ая кўнмаса-да, тўлғоқ тутиб қийналаётган Моҳирахонни олиб қолишмайди. Кетказиб юборишади. Куёви гаплашган машинада кетишаётганида туман маркази яқинида Моҳирахоннинг аҳволи оғирлашади. Ҳайдовчи ортга қайтиб, тунги соат бирларда туғуруқ бўлимига етказиб боради. Навбатчи доя З.Аҳатова Моҳирани ётқизиб кўради, «бачадони эшиги очилмабди, ҳеч ким қарамайди барибир, ундан кўра уйга олиб бориб, чой-пой ичириб, қараб туринг,  доктор айтди-ку, кеч соат 18:00 ларда очиларкан, ўшанда олиб келасиз» дея дори ёзиб беради. Ҳайдовчи она-болани уйига элтиб қўяди. 

– Тунги соат учларда учинчи марта қизимни туғуруқ бўлимига олиб бордим, – дейди Ҳидоятхон ая. – З.Аҳатова қизимни кўрди. 10-12 дақиқадан кейин уни иккинчи қаватга олиб чиқиб кетишди.  Қизим «ёриб олинглар» деб роса додлади. Мени санитар чақирди. Кириб борганимда, қизимнинг оғзи-бурнидан қон келиб, аранг нафас олаётганди. Докторлар сунъий нафас беришни уламасдан қараб туришганди. Эрталаб қизим вафот этди. Куёвим келиб «ўлдириб қўйдиларингми?» деб бақирди.  Вақтида тўғри қарашганида қизимдан, набирамдан айрилиб қолмасдик.

Суд тиббий эксперти «ҳомиладор аёлнинг аҳволи тўғри баҳоланиб, ташхис қўйилиб, таҳлиллари кўриб чиқилиб, ўз вақтида туғуруқхонага ётқизилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатилганида ўзи ва ҳомиласининг ҳаёти сақлаб қолиниши мумкин эди» дея ўз хулосасини айтди. М.Тойжонова дастлаб шикоят билан туғуруқ бўлимига келган вақтда қонун-қоидага биноан унинг қон босими, пульси, ҳомиланинг юрак уриши, ҳомиладорда тўлғоқ давомийлиги аниқланиши,  УТТ текширувидан ўтказилиши, умумий ҳолати баҳоланиши лозимлиги, бироқ юқоридагиларни тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат йўқлигини қайд этди. Иқрор бўлмаса-да, марҳумнинг яқинларига моддий ва маънавий зарарни қоплаган, айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланган З.Жамиловага муайян муддат соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ойбек Холматов,

Ёзёвон тумани прокурорининг
катта ёрдамчиси