Қонун устуворлиги — тараққиёт гарови

10:32 - 16.09.2020

13

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш, жиноятларнинг олдини олиш бўйича прокуратура заммасига қатор вазифалар юклатилган. Бу борада Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил бошидан бери қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, иқтисодий қонунчилик ижроси соҳасида ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 28 та протест, 2 та тақдимнома киритилди. 8 нафар шахс интизомий, 3 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб иқтисодий судга жами 300 млн. сўмлик иккита даъво аризаси киритилди, битта жиноят иши қўзғатилди. Натижада 126 нафар юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқи тикланишига эришилди.

Масалан, Нукус шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «No’kis botanika bag’i» боғдорчилик-узумчилик ширкати ташкил қилинган ва «Алланияз Қаҳарман» МФЙ ҳудудидан 3,5 га ер ширкатнинг 86 нафар аъзосига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Аммо ширкатнинг мансабдорлари ваколатини суиистеъмол қилиб, ер ажратиб бериш ваколатига эга бўлмаса-да, ширкатнинг 5 нафар аъзосига берилган ер участкаларини 8 млн. сўмдан сотиб, ширкат аъзоси бўлмаган фуқароларга ерга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи қалбаки ҳужжатлар тақдим этган. Ер шу тариқа талон-торож қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бузилган ҳуқуқини тиклаш бўйича 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига ёрдам кўрсатилди. Масалан, ишини тўхтатган 18 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, 1 та субъект янгидан ташкил қилинди.

Барчамизга маълумки, юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Афсуски, бу борада ҳам қонунбузилиши ҳолатлари аниқланаяпти. Хусусан, давлат ажратган маблағларнинг ҳақиқатан ночор оилаларга берилиши ўрганилганда 46 млн. 447 минг 122 сўмлик нафақа асоссиз тайинлангани, шундан 23 млн. сўмдан зиёд нафақа тўлаб берилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ўзини ўзи бошқариш органларининг 16 нафар мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка тортилиб, асоссиз тўланган нафақалар қайтарилди.

Йил бошидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ўтказилган тешириш­лар натижасига кўра 19 та протест ва 8 та тақдимнома киритилди, 6 киши эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ёшлар ҳақида гап борар экан, эътиборингизни мана бу маълумотларга қаратмоқчимиз. 2018 йилда Қорақалпоғистонда манзилли рўйхат асосида  26 лойиҳага
4 млрд. 829 млн. сўм, 2019 йилда 23 лойиҳага 10 млрд. 55 млн. сўм кредит ажратилиб, 137 янги иш ўрни барпо этилди. Бу йил эса 3 та лойиҳага 1 млрд. 400 млн. сўм ажратилиб, 33 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 112 та семинар, 17 та бизнес саёҳат ташкил этилиб, уларга 10 мингга яқин ёшлар жалб қилинди.

Айни кунда эса имтиёзли кредит олган айрим ёшлар аллақачон ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга улгурди. Масалан, ёш тадбиркор А.Қуатов банкнинг 500 млн. сўм кредити эвазига эшик ва дераза ишлаб чиқариш цехини ишга туширди ва 7 та иш ўрни яратди. Шунингдек, «Нукус-саёҳат» МЧЖ ташкилотчиси С.Тилеўмуратовага хусусий телеканалини ривожлантириш учун 200 млн. сўм ажратилиши натижасида 16 кишининг бандлиги таъминланди.

Шаҳар прокуратураси мурожаатлар билан ишлашга ҳам катта эътибор қаратган. 2020 йилнинг 1 июлигача шаҳар прокуратурасига жисмоний ва юридик шахслардан 1478 та мурожаат келиб тушди. Уларни ўрганиш натижасида аксарияти ҳал қилиниб, 300 га яқин шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Масалан, Ш.Чориев ва бошқаларнинг мурожаатига кўра 100 млн. сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Савид ИМАТОВ,

Нукус шаҳар прокурори