Кайфи тарақ зўравон

10:56 - 16.09.2020

2

Суҳроб ўша куни Янгиободда яшайдиган қайнукасиникига ўғли билан борди. Зиёфатда ароққа тўйган Суҳроб маст ҳолда машина ҳайдашдан чўчиб, жияни Давронни телефон орқали чақириб олди. Машина рулини унга топшириб, ўзи ҳайдовчининг ёнига, ўғли эса орқага ўтиришди. Туман марказидаги бозор рўпарасида уларни ЙПХ инспектори тўхтатди.

– Ҳужжатларингизни кўрсатинг, – деди инспектор ҳайдовчига.

Рулда ўтирган Даврон шошиб қолди.

– Ака, ҳужжатлар уйда қолибди…

– Унда машинани жарима майдонига олиб бориб қўйишга тўғри келади, – деди инспектор.

Инспектор рулга ўтириб, машинани жарима майдони томонга бошқариб бораётганида Суҳроб билан Давроннинг у билан тортишуви авжига чиқди. Охири машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Суҳроб инспекторни бўғиб, бошининг орқасига муштлаб, жағини тирнаб олди. Даврон эса чаққонлик билан машина калитини суғурди.

Суҳроб машинадан тушиб, инспекторни сўка кетди. Даврон ва шу ерда ҳозир бўлган ҳайдовчилар уларни ажратишга уринди. Аммо Суҳробни тўхтатишнинг имкони йўқ эди. Охири у машинасига ўтириб қочиб қолди. Инспекторнинг бош кийими ва телефони машинада қолиб кетганди….

Инспектор А.Авазов рация орқали Косон тумани ИИБ навбатчилик қисмига хабар берди. Профилактика инспектори И.Файзуллаев етиб келиб, Даврон Шамсиевни ички ишлар бўлимига олиб кетди. Шундан сўнг Суҳробни ҳам уйидан ушлаб келишди. Унинг машинаси ҳам эвакуаторда жарима майдонига келтирилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Профилактика инспектори И.Файзуллаев Суҳроб Жумаевни тинтув қилиш учун вақтинча ушлаб туриш хонаси олдига олиб борганида ҳам унинг кайфи тарқамаган эди. У атрофидаги ходимларни тинимсиз ҳақорат қиларди.

Суҳроб ўзини тинтув қилаётган инспекторга қаршилик кўрсатиб, унинг иккала елкасидан тортиб, пешонасига зарб билан калла қўйди. Инспекторнинг кўз олди қоронғилашиб, ерга ўтириб қолди…

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани суди томонидан Косон шаҳрида ўтказилган очиқ суд мажлисида Суҳроб Жумаевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, судланувчи 1975 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз. Оилали, уч фарзанди бор. Илгари қилган жинояти учун икки йил ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинган. Жазонинг бир қисмини ўтагач, шартли равишда озод қилинган.

Суд мажлисида Суҳроб Жумаев айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, аммо ИИБ ходимлари унинг қовурғасини уриб синдиришганига қонуний баҳо берилмаганини қайд этди. Бироқ унинг бу даъвоси ўз исботини топмади. Аксинча, муштумзўрнинг ўзи ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга жароҳат етказганлиги гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа бир қатор далиллар билан исботланди.

Суд ҳукми билан Суҳроб Жумаевга уч йил озодликни чеклаш жазоси та­йинланди. Жабрланувчиларнинг етказилган зарар бўйича даъвоси йўқлиги қайд этилди.

Зарар ва наф тушунчасини турлича ифодалаш мумкин. Шубҳасиз, Суҳроб сингари кишиларнинг қилмиши жамият учун, оиласи ва яқинлари учун кони зарар. Аммо у тўғри йўлни танлаб олса, атрофидаги минглаб инсонлар сингари элига наф келтириб, дуо олиши ҳам мумкин эди. Озодлиги чекланган Суҳробнинг бу хусусда ўйлаб олишига ҳали вақти кўп…

Обид Хуррамов,

Муборак тумани прокуратураси терговчиси