Ишoнчни oқлaшгa ҳapaкaт қилaмaн

10:47 - 16.09.2020

5

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишлари учун уларга кўмак бериш бўйича топшириқлар берилганди.

Наманганда ҳам мазкур фармон ижросига доир бир қатор ишлар қилинди. Хусусан, вилоятда яшовчи 6 нафар шахс муддатидан олдин шартли равишда озод этилди ва ўз уйларига қайтиб келди.

2020 йилнинг 28 август куни вилоят секторлари раҳбарлари вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси биносида афв этилган фуқаролар билан учрашди. Улар Наманган шаҳри (2), Наманган (2), Косонсой (1) ва Учқўрғон (1) туманларидан. Учрашувда соғлиқни сақлаш, ижтимоий кўникма марказлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддилари ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда собиқ маҳкумларнинг ҳар бири билан алоҳида мулоқот қилинди. Режалари билан қизиқилди. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, жамиятда ўз ўрнини топиш имкониятлари ўрганилди.

– Афв этилган 113 нафар ҳамюртимиз сафида эканингизнинг ўзи катта имконият. Бундан унумли фойдаланиш, билдирилган ишончни оқлаш керак. Бунинг учун ҳар қандай кўмакка тайёрмиз. Мутасаддиларга бу борада кўрсатмалар берилган. Сизлардан эса олдинги хатоларни такрорламаслик, ватанга фидо­йилик билан хизмат қилиш, фарзандларингизни юртнинг содиқ ўғлонлари этиб тарбиялаш талаб этилади, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Афв этилган ҳамюртларимиз давлат раҳбарига ўзлари ва оилалари номидан миннатдорлик билдиришди. Учрашув якунида уларнинг ҳар бирига маиший техникалар топширилди. Бундан ташқари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги ижтимоий кўникма марказлари томонидан уларга БМҲнинг 5,5-6 баробари миқдорида бир марталик, жами 7 млн. 646 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

МФЙ раислари, профилактика инспекторлари уларнинг хонадонига бориб, ҳар бири билан суҳбатлашди. Оилавий шароити, муаммоларини ўрганишди. Улар соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилди. Икки нафарининг паспортининг амал қилиш муддати ўтгани сабабли уларга Наманган тумани ИИБ томонидан янги биометрик паспорт берилди.

Меҳнатга лаёқатли афв этилган шахслар жойлардаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳудудий комиссиялар, жамоат бирлашмалари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари вакиллари билан ҳамкорликда фуқаролар йиғини баённомаларига асосан афв этилганларнинг ҳар бирига 3 нафардан мураббий бириктирилди.

– Бундан 12 йил аввал экстремистик оқим таъсирига берилганимиз сабабли уч ака-ука қамалгандик, – дейди Наманган туманидаги Тепақўрғон маҳалласида туғилиб ўсган Қудратилла Сиддиқов. – Мен уларнинг кенжасиман, ёшим 39 да. Уч йил аввал акам Собир Сиддиқов афв билан уйга келди, мана бугун менга шундай имконият берилди. Ҳозир катта акам Фозил Сиддиқов жазо ўтаяпти. У киши учун ҳам ёруғ кунлар яқин деган умиддаман.

Вилоят раҳбарлари билан юзма-юз суҳбатлашганимдан, бизга кўрсатилаётган эътибордан жуда хурсандман. Менга уйимни таъмирлаб олиш учун пул, деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб бериладиган бўлди. Албатта, қилган ишимдан пушаймонман. Отамдан эрта ажраганмиз. Бизни оқ ювиб, оқ тараган онамнинг юзини ерга қаратдик. Энди дуоларини олиб, у киши учун суянч бўлиш, бизга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Дилшод АМОНОВ,

Наманган вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи