Қидиpyвдaги тaдбиpкopнинг мypoжaaти

10:14 - 16.09.2020

6

2020 йил 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда қидирувдаги янгийўллик тадбиркор Б.Қ.нинг «Прокуратура туҳматларидан чарчадим. Менинг бизнесим аслида депутат Расул Кушербаевга тегишли эмиш» сарлавҳали мурожаати такроран тарқалди.

Қайд этиш керакки, бундан аввалроқ Бош прокуратура томонидан айни шу турдаги, бироқ бир муддат олдин қилинган арз батафсил ўрганилган ва бу тўғрисида расмий баёнот берилган.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги «Қўшёғоч олтин файз балиқлари» МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари асосида 2020 йил 24 январда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган.

Тергов давомида ушбу жамият раҳбари Ж.З. акаси Б.Қ. билан жиноий тил бириктириб, балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган 11,8 гектар ердан 600 млн. сўмлик 57,2 минг куб-метр қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, лицензияга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда сотиб юбориб, талон-торож қилганлиги, бу орқали давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Шу сабабли Ж.З.га ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, ишнинг унга нисбатан қисми 2020 йил 4 майда жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани судига юборилган.

Айбланувчи Б.Қ.га эса терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жиноят иши Бош прокуратурада ўрганилганда иш бўйича депутат Р.Кушербаевга оид бирон-бир масала муҳокама қилинмагани, унга алоқадор маълумот тўп­ланмагани ёки у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилмагани баён қилинган.

Бош прокуратура ходимлари томонидан Ж.З. билан ўтказилган суҳбат давомида у терговда ундан Р.Кушербаев ҳақида ҳеч қандай маълумот сўраб-суриштирилмаганини, у ҳақида савол берилмаганини, унга қарши кўрсатма бериш талаби билан тазйиқ ўтказилмаганини билдирган.

Р.Кушербаев билан Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда баён этилган ҳар бир маълумот марказий маҳкаманинг ўзида ишга алоқадор шахсларни жалб қилган ҳолда, тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш йўли билан тўлиқ текширилган.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими