Дaлaдa oнлaйн ишлaб бўлмaйди

11:04 - 16.09.2020

16

Бутун ер юзини ташвишга солган, қолаверса, инсониятни бир нуқтада бирлаштирган муаммо қачон, қандай рўй бергани ҳақидаги фикрлар ҳар хил бўлиши мумкин. Аммо юксак тараққиёт асри бўлган XXI асрда бундай ҳол рўй бериши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса керак. Ана шундай жиддий синов юртимизда ҳам ўзига хос тарзда кечмоқда. Мамлакатимизда коронавирус пандемияси бошланган илк ҳафтада айрим ваҳимакашлар ҳовлиққанча халталаб буғдой, ун жамғаришга киришгани ҳам барчамизнинг ёдимизда. Бу борадаги тақчилликнинг олдини олиш учун Қашқадарёда барча имкониятлар ишга солинди. Ана шундай қийин шароитда вилоят ғаллакорлари давлатга режадаги 424,1 минг тонна ўрнига 460 минг тонна дон сотгани ҳақидаги хушхабар қалбларга илиқлик бахш этди. Ҳосилдорлик гектарига ўртача 45-60 центнер бўлди.

Сафарбарлик ва жонбозлик меваси

Ўзбек деҳқони бу дунёга нолиш учун эмас, оламни яшнатгани, гуллатгани келган. Кексалар дуога қўл очганида «Ризқ-насибамиз бутун бўлсин!» дея тилак билдирадилар. Ризқ инсонга Аллоҳнинг инъоми бўлса-да, меҳнат билан яратилади. Энг олий неъмат – нон дастурхонларимиз файзига айлангунча қанча кўп меҳнат ва маблағ сарфланишини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Бунинг учун озмунча заҳмат чекиладими?

2020 йилда вилоятимизда 141 минг гектар ерга ғалла экилган эди. Деҳқонларимиз астойдил меҳнат қилгани туфайли далаларда мўл ҳосил етиштирилди.

Эндиги вазифа далалардаги ризқ-насибамизнинг бир бошоғини ҳам исроф қилмасдан ўз вақтида ва қисқа муддатда ўриб-йиғиб олишдан иборат эди. Бу катта куч, улкан сафарбарлик, масъулият талаб этадиган юмуш эди. Шундай паллада деҳқонларимизга кўмаклашиш кўпгина корхоналар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳам умумдавлат аҳамиятига молик вазифасига айланди.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 июндаги «2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бу борадаги вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган эди.

Ушбу қарор асосида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди. Унда идоравий мансублигидан қатъи назар, корхона ва ташкилотларнинг дон қабул қилиш пунктларига ғалла ташиш учун яроқли бўлган транспортларини шартнома асосида жалб қилиб, уларнинг отряд асосида ишлашини ташкил этиш, ғалла етиштирувчи фермерлар биринчи навбатда давлат эҳтиёжи учун етказиб бериладиган ғаллани харид қилиш учун тузилган шартномани бажаришлари ва шундан кейин ғалланинг қолган қисмини бошқа мақсадга йўналтиришлари қатъий белгиланган эди. Шунингдек, «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармасига вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, «Ўздонинспекция»нинг вилоят бўлими билан биргаликда давлат эҳтиёжи учун етказиб бериладиган ғалла ва уруғлик ғалла сифати устидан назорат ўрнатиш буюрилган эди.

Қарорга биноан гуруҳ тузилиб, туманларда ғалла ўрим-йиғимининг бориши ва сифати назорат қилиб борилди.

Далада онлайн ишлаб бўлмайди

«Сен ойлаб ўтказган қору ёмғирда мард бўлсалар бир кун туриб берсинлар», – дейилади бир қўшиқда. Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин сабаб далада ниқоб тақиб юриш, санитария қоидаларига амал қилиб ишлашнинг ўзи бўлгани йўқ. Айни карантин пайтида, «Уйда қолинг!» шиори кун тартибига чиққан, кўп соҳаларнинг ходимлари ўз хонадонида онлайн ишлашга ўтган бир вақтда жазирамада ғалла етиштириш ва уни саранжомлаб олишнинг ўзи бўлгани йўқ. Табиийки, ғаллани онлайн парваришлаб бўлмайди. Тиббиёт ва санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳам ўрим иштирокчиларига камарбаста бўлиб, уларнинг саломатлиги ва санитария қоидаларига амал қилишларини қаттиқ назорат қилиб боришди. Эрталаб чой, тушда ва кечқурун гўштли овқат ташкил этилди. Комбайнчи ва бошқа иштирокчиларнинг қўл ювиши, ювиниши учун даланинг ўзида шароит муҳайё этилди, улар дезинфекция воситалари билан таъминланди. Иш ҳақи даланинг ўзида ўз вақтида бериб борилди.

Натижада қисқа муддатда вилоятимиз ғаллакорлари ҳосилни саранжомлаб олишди. 384 минг тонна ғалла фермер хўжаликларининг ўзида қолди. Бу эса фермер ва унинг ишчилари хонадонига қут-барака кирди дегани. Бундай муваффақиятга барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилгани, ўрим-йиғим отряд усулида ташкил этилгани ҳамда мавсумга жалб этилган 461 та комбайндан самарали фойдаланилгани туфайли эришилди. Шартноманинг ортиғи билан бажарилишида Чироқчи, Қамаши, Яккабоғ, Косон ва Касби туманлари деҳқонларнинг ҳиссаси катта бўлди. 

Тириклик ва шодмонлик манбаи

Тарихий маълумотларга қараганда бундан 5-7 минг йил муқаддам буғдой, арпа, шоли, 4 минг йил илгари эса маккажўхори ва тариқ маданийлаштирилиб, улардан нон тайёрлаш усули кашф этилган. Одамзод нонга бўлган эҳтиёжини нон дарахтлари ҳисобига ҳам қондирганини айтиб ўтиш жоиз. Бу дарахтнинг номи «атрокарпус интегро» бўлиб, ҳозир ҳам Африкада ундан озиқ-овқат сифатида фойдаланадилар.

Дунёда неъматлар кўп, лекин уларнинг ҳеч бири нон билан тенглаша олмайди. Аждодларимизнинг ёшларни нонни ардоқлашга ундаганлари бежиз эмас.

Бир ҳовуч дон. У – тириклик, шодмонлик манбаи. Интизор кутилган гўдак туғилганда бир ҳовуч ун мой қўшилиб қозонда қовурилади. Тансиқ таом аёлга куч-қувват бахш этади. Гўдак биринчи бўлиб она сутидан нон таъмини тотади. Балки шунинг учун ҳам инсон зоти бу қимматли неъматни она каби эъзоз­лар?!         

Катта меҳнат эвазига тайёрланган нонни арзимаган пулга харид қиламиз. Бу бизда нон беқадр дегани эмас, балки буни давлатимизнинг ғамхўрлиги деб тушунмоқ керак.

Нон ёпган аёл чеҳрасидаги нур

Тандирдан эндигина нон узиб олган аёлнинг юзига эътибор қилганмисиз? Нон ёпган аёлнинг чеҳрасида нур жилваланади. Ҳовлини эса нон ҳиди эгаллайди. Нон иси… Дунёдаги энг хушбўй ҳид, ҳатто қимматбаҳо фаранг атири ҳам унга тенг келолмайди. Буғдой, тегирмон, тандир, нон – инсоният тарихидаги энг буюк кашфиётлар саналади. Кексалар шўх-шодон ёшларни «Ҳа, уйинг буғдойдан тўлгурлар» деб эркалашади. Халқимизнинг нон билан боғлиқ жуда кўп одатлари бор: чақалоқни бешикка белаганда ёстиқчаси тагига седанали кулча қўйиш, гўдак энди оёқланганда кулча юмалатиш, узоқ сафарга кетган кишига нон тишлатиб қолиш, севишганларни қовуштириш олдидан нон синдириш ва ҳоказо.

Азиз биродарлар! Хамир қорилганда ишлатиладиган ҳовуч-ҳовуч ун ҳаққи, дастурхонимизда ушатилган нон ҳурмати донни, нонни қадрлайлик! Далаларда хўп ҳайдаган боболар, қулоғига ёғурчоқ жаранги сингган момоларимиз ўгитини дилга жо этайлик! Ризқ-рўзимиз бўлган донни, нонни эъзозлайлик, унинг бир мисқолини ҳам нобуд қилмайлик! Осмонимизда тинчлик кабутари эркин қанот қоқсин, ҳар баҳорда майсалар унсин, қозонлар сумалакка тўлсин. Шунда момомерос қўшиқларда айтилганидек, хирмон тўлиб дон тўкилади, тандир тўлиб нон ёпилади…

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»