БAҒPИКEНГЛИК НEГИЗИДAГИ ИМКOНИЯТ

10:50 - 16.09.2020

1

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар бағрикенглик билан амалга оширилаяпти. Айниқса, бу тамойилнинг билиб-билмай жиноятга қўл урганлар ҳамда судланганларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши инсонпарварликнинг юксак намунасидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида жазони ижро этиш колонияларида қонунларга риоя қилиниши устидан назорат бўйича Қўнғирот прокуратураси томонидан ҳудуддаги 27 ва 28-манзил колонияларида жазо ўтаётган 209 нафар маҳкумнинг жазосини енгилроғи билан алмаштириш бўйича киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди. Натижада жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди томонидан ушбу тақдимномалар қаноатлантирилиб, маҳкумлар озодликка чиқарилди.

Албатта, бунда маҳкумларнинг тайинланган жазо муддатининг маълум бир қисмини ўтагани, жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани, тартибга риоя қилгани, тузалиш йўлига ўтгани инобатга олинди.

Таъкидлаш жоизки, жазоси енгилроқ жазога алмаштирилганлар орасида ўта оғир жинояти учун суд ҳукмига биноан 18 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, тайинланган жазони тўққиз йилдан буён ўтаб келаётган Е.Каримов ҳам бор. У белгиланган жазонинг ярмини ўтаб бўлгани сабабли жазо муддати ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди.

Барчамизга маълум, халқимизга хос бағрикенгликнинг яна бир ифодаси сифатида 27 август куни Ўзбекистон Президенти «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ушбу фармонга биноан 27-манзил колониясидан икки маҳкум асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Бир нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. 28-манзил колониясидан икки нафар маҳкум асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Ҳа, билиб-билмай жиноят содир этган, аммо қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб тузалиш йўлига ўтган ушбу шахсларга ўз оиласи бағрига қайтиш учун яна бир имконият берилди. Ўйлаймизки, улар ушбу имкониятнинг қадрига етиб, ҳалол яшашга ҳаракат қилишади.

Хуршид ҚУРБАНБАЕВ,

Қўнғирот махсус прокурори