Қадринг баланд бўлсин, она тилим

11:00 - 16.09.2020

110

Oнa тилим, кeчиp мeни, oнa тилим!

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Севимли шоирим Муҳаммад Юсуфнинг шу шеърини беш яшар ўғлимга ёдлатаётганимда у «Ойижон, она тили нима ўзи? Ундан нега кечирим сўраяпмиз? У ҳам одамми?!» деб сўраб қолди. Тўғриси, аввалига жавоб тополмай каловланиб қолдим. Кутилмаган савол кишини бироз шошириб қўяркан.

– Ўғлим, ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг меҳрибон ота-онаси бўлгани сингари ўзлигини англатиб турувчи она тили бўлади. Ана шу тилда сўзлашиб, уни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар ёзади. Она тилини мукаммал ўрганади, кўз қорачиғидек авайлайди. Уни ҳимоя қилади.

Ўғлим гапларимдан нималарнидир тушунгандай «ҳмм» деганча бош ирғаб қўйди. Аммо ўзим ўйланиб қолдим. Она тилимизни қай даражада асраб-авайлаб, ҳимоя қилаяпмиз? Унинг қадрига етаяпмизми?! Бу савол ҳар биримизни ўйлашга ундайди.

Ўзбекистон Конституциясида давлат тилининг мақоми мустаҳкамлаб қўйилган. «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг ривожланиши учун кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мамлакатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун билан ҳимоя қилинадиган ватан тимсолларидан бирига айланди.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятларини қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва иборалари,  достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг «Хамса»си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»си, Машраб, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Юсуфнинг асарлари она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.

Она тилимизга муҳаббатни одамларнинг самимий суҳбатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Зеро, тил инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига муҳаббатли инсон халқини, ватанини, қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Алишер Навоий бобомиз бежиз «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» дея ёзмаган.

Аммо бугун ҳамюртларимизнинг саводхонлик масаласига эътиборсизлик қилаётгани дилни хира қилади. Ташкилот ва муассасалар чиқараётган хат-хабарлардаги имло хатолари уларни қизиқтирмайди гўё. Яқинда бир ташкилот ўтказган тадбирни ёритиш учун қўлимга пресс-релиз беришди. Тўғриси, бир энлик маълумотда шунча хато қилиш учун киши, Ғафур Ғуломнинг таъбири билан айт­ганда, дарсхонада эмас, ҳирсхонада таълим олган бўлиши керак. Биргина хат бошидаги хатоларга эътибор беринг: «Тумнамига амлга иширилгани ишлор хақда малумот берса мутуҳасисилар хаммаси хақда хабр беради». 37 қатордан иборат хабардаги имловий ва услубий, тиниш белгилари билан боғлиқ хатоларни тўғрилаб чиқар эканман, қоғоз юзи олмадек қизарди. Бу ҳам етмагандек, телефонимга келган «Эсемесмни 6кийўтган 4иройили qгузали» мазмунидаги хабар ҳайратимни оширди. Тўғриси, жумланинг маъносига унчалик тушунмадим. Хабарни юборган кишига қўнғироқ қилиб, хабар мазмунини сўрасам, «Хабаримни ўқидингизми, чиройлиларнинг гўзали?» дейди. Мана сизга она тилимизга муносабат. Бу эътиборсизлик белгисими ё саводсизлик? 

Кейинги пайтларда аксарият ҳамюртларимиз ижтимоий тармоқларни кузатишга одатланди. Тармоқни кузатсангиз, фойдаланувчилар ўзаро ёзишмаларда ch, o‘ ёки sh ҳарфлари ўрнига 4, 6 ёки w белгиларидан фойдаланади. Тўғри ёзиш керак деган танбеҳга телефонимдан шунақа босилиб кетди деган жавобни оламиз. Барака топгур, ўша телефондаги ҳарфларни ўзингиз терасиз-ку.

Халқимизда «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир» деган нақл борки, бу сўзга нисбатан ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Шундай экан, ёзаётган сўзимизни, айтаётган гапимизни тўғри ифодалаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, келажак авлод нотўғри ёзишмаларимиздан, асоссиз сўзларимиздан «ибрат» олмаслиги учун бугундан тўғри ёзиш ва гапиришни ўрганайлик.

Нигина Шоева,

Журналист