Тартибга қатъий амал қилиш керак

19:50 - 09.09.2020

5

Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ташаббуси билан Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ташқи ишлар вазирлиги, ИИВ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва соҳага алоқадор бир қатор идоралар ҳамкорлигида 2020 йилнинг 28 август куни Тошкент марказий вокзалида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.

Маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ Ўзбекистоннинг чет элдаги фуқороларини юртимизга олиб келиш белгиланган. Айни вақтда ҳаво ва темирйўл транспорти орқали хорижда қолиб кетган фуқаролар навбати билан чартер рейслар орқали ватанга қайтарилаяпти.

Ҳар бир поездга Миллий гвардия, ИИВ ва ССВ ходимлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Тадбир давомида чартер рейсларни ташкил қилишда қонунчиликка қатъий риоя қилиш, йўловчиларни санитария қоидаларига амал қилган ҳолда ташиш лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, чартер рейсларга йўловчиларни қабул қилишда уларнинг ҳароратини ўлчаб вагонларга чиқариш, чипталарининг ҳаққонийлигини текшириш кераклиги уқтирилди.

Таъкидлаш лозимки, айрим нопок кимсалар бундай вазиятдан фойдаланиб қолишга интилишини ҳам инкор этиб бўлмайди, яъни бу билан юртимизга турли контрабанда маҳсулотларини олиб ўтиш хавфи ошади. Шуни инобатга олган ҳолда чартер рейслар ходимлари ҳушёрликни янада оширишлари лозим бўлади.

Тадбир якунида Республика махсус комиссиясининг топшириғига асосан ташкил этилган Тошкент – Кинель – Тошкент чартер рейси Россиядаги юртдошларимизни ватанга қайтариш учун йўлга чиқди.

Джахангир САЛИХАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурорининг катта ёрдамчиси