Қонунбузар дорифурушлар

19:54 - 09.09.2020

1

Ҳозир коронавирусга қарши курашиш мақсадида беморларни керакли дори-дармонлар билан таъминлаш долзарб масалага айланган. Бу борада ҳукуматимиз томонидан қонуний чоралар кўрилаётган бир пайтда ана шу вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ана шундай ноқонуний ҳаракатларни фош этмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 1 июлидан бугунги кунга қадар 14 та тадбир ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида 35 млн. 900 минг сўмлик 200 турдан ортиқ дори ва тиббий буюмлар олиб қўйилди.

Яқинда «Фленокс НЕО» ва «Лекартин» дориларининг йирик миқдордаги ноқонуний савдосига чек қўйилди. Яъни Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турувчи, Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Б. ўз хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 27 ўрам «Фленокс НЕО» ва 240 дона «Лекартин» дорисини сотаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, департаментнинг Боғот ва Тупроққалъа тумани бўлимлари ўтказган тадбирларда ҳам айрим фуқаролар ўз хонадонида дориларни ноқонуний сотаётгани аниқланди. Масалан, боғотлик фуқаро ўз уйида 38 турдаги дориларни сотиб келган. Ҳазорасплик фуқаро ўз уйида 86 турдаги дориларни ноқонуний равишда сотаётгани аниқланиб, барча дорилар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.  

Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Ғайратжон СУЛТОНОВ,

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи