Kaдpлap cиëcaти — дoимo ycтyвop

20:01 - 09.09.2020

4

High Angle View Of Businesspeople In Video Conference At Business Meeting

Ўз касбининг ҳақиқий эгаси бўлган кадрлар ҳар қандай жамиятнинг негизи, аҳолининг илғор қатлами ҳисобланади. Тараққиёт йўлидаги ҳар қандай мамлакатда ҳар доим кадрлар масаласига катта эътибор қаратилади.

Юқори маънавий-ахлоқий сифатларни ўзида акс эттирган, профессионал, малакали кадрлар захирасининг мавжудлиги ҳар қандай корхона, муассаса ва ташкилот нуфузини ошириш билан бир қаторда фаолиятда юзага келадиган муаммо ва хатоларни қонуний ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Кадрлар сиёсатига Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида ҳам алоҳида ёндашув мавжуд.

Биринчидан, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасида прокуратура органларида прокурор, терговчи, суриштирувчи ва иш ўрганувчи лавозимига олий юридик маълумотга эга, зарур касбий фазилатлари бўлган, зиммасига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиган Ўзбекистон фуқаролари тайинланиши белгиланган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги фармонида:

– прокуратура органлари ходимларида билим ва кўникмаларни, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлашни, шахсий ва ишчанлик сифатларини ривожлантириш ва такомиллаштиришни, қонунларга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан адолат ва масъулият каби юксак туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлашни таъминловчи ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

– замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларнинг интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш;

– прокуратура органлари фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини қўриқлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг долзарб муаммолари юзасидан тизимли асосда илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;

– прокуратура органлари фаолиятини психологик жиҳатдан таъминлаш, номзодларни хизматга қабул қилишда касбий-психологик танлов ўтказиш, прокуратура органларидаги маънавий-психологик муҳитни ўрганиш ва уни яхшилаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар белгиланганини таъкидлаб ўтиш мумкин.

Учинчидан, «Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисида»ги низом ҳамда Бош прокурорнинг 2016 йил 29 августдаги «Кадрларни танлаш, тайинлаш ва тарбиялаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги буйруғи кадрлар сиёсати прокуратура органларида алоҳида эътиборда эканлигидан далолат беради.

Юқорида келтириб ўтилган фикрларни умумлаштирган ҳолда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришда инновацион усуллардан фойдаланиш, давлат хизматчиларида юксак ахлоқ-одобни, коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантириш мақсадга мувофиқдир.

Нодирбек МАМАТАЗИЗОВ,

Андижон вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи