Coтиб ўғиpлaш «caнъaти»

20:22 - 09.09.2020

6

Сирож етти-саккиз йил илгари ҳам ўғирлик қилиб жавобгарликка тортилганди. Лекин бу сафарги «катта иши» қизиқарли воқеаларга бойлиги билан эсдан чиқмайдиган бўлди.

Сирож қўй олди-сотдиси билан шуғулланади. Нурободда қўй кўп. Қўшни туманларнинг мол бозорлари, буёғи Қашқадарё, буёғи Бухоро вилояти бозорларигача боради. Нарх-навони яхши билгач, қаерда арзон бўлса сотиб олади, қиммат бозорларга олиб бориб сотади. Шу тариқа қўйчилар билан таниш бўлиб кетган. Топиши яхши эди, ҳалол топганига қаноат қилиб юриши керак эди.

Бир куни Бухоронинг Вобкент туманида яшовчи таниши қўнғироқ қилди:

– Ака, яхши, соғлом қўйлар бўлса элликта олмоқчиман. Сизда борми?

– Бор, сизга маъқул бўладиган қўйлар бор.

– Қачон борай?

– Келиб юрманг, бир-икки кунда ўзим олиб бораман. Нархини ўша ерда келишамиз. Сирожнинг ўзида қўй йўқ эди. Лекин суҳбат жараёнидаёқ хаёлан қўйни қаердан олишни мўлжаллади. Бир қишлоқдошининг олтмиш-етмиштача қўйи бор. Ўзиям яхши боқади, ем беради. Қўйлар ҳам шунга яраша дадил. Қўй савдосида юравериб кўзи пишиб кетган Сирож шу қўйларни ҳар кўрганда бир ҳаваси келарди.

Ҳозир шу хаёлига келди. Шартта ўғирлаб Бухорога сотиб келса ким билиб ўтирибди, бунинг устига мижоз нақд.

У Нуробод шаҳридаги бир хонадонни ижарага олиб яшарди. Ўзича режа тузди. «Газель» машинасида шаҳарлараро юк ташийдиган, кўпинча қўйларини ташиб берадиган танишига телефон қилиб, қўйларини Вобкентга олиб бориш кераклигини айтди. Шофёр келишилган вақтда унинг уйига келди. Бу орада Сирож амакисининг ўғлига қўнғироқ қилиб, қишлоқда отасининг уйида турган «Ласетти» машинасини миниб келишини, йўл-йўлакай қишлоқдоши Зокирни ҳам олиб келишини айтди. Ука «Ласетти»ни миниб Зокир билан келди. Тўртовлон жам бўлгач, ошхонада овқатланишди. Сирож ярим шиша ароқ ичди. Кейин укасига:

– Сен шофёр билан уйга бориб дам олиб туринглар. Биз Зокир билан қўйга кетамиз. Қўйларни ажратиб тайёрлаб бўлганимиздан кейин телефон қиламиз, борасизлар, – деди.

Ука ҳайдовчи билан акасининг уйига кетди. Сирож Зокир билан қишлоғига қайтиб келди. Кузда кунлар анча қисқарган, кечки тўққиз яримларда ҳамма уйига кириб кетган бўлади. Сирож қишлоққа кирмай, машинани адир томон ҳайдади. Хилватроқ жойга қўйди. Шунда Зокир ўғирликка келишганини сезди.

– Мен ўғирликка кирмайман, – деди бирдан.

– Сиз кирмайсиз, бир четда қоровуллик қилиб турсангиз бўлди. Ўзим кириб олиб чиқаман, кейин қўйларни ҳайдашасиз.

Зокир индамади, у рози бўлганди. Иккови қоронғида қишлоққа кириб келишди. Дашт қишлоқларида уйлар бир-биридан анча узоқда жойлашган бўлади. Чунки ер кўп, барибир экин экилмайди, оғилхона, қўралар бўлади. Шунинг учун ҳар бир оила катта-катта майдонларни эгаллаб олади.

Сирож қўрага яқинлашди. Эшикни очди-да, ҳамма қўйни ҳайдаб Зокирнинг олдига борди. Буёғига Зокир ҳам ёрдамлашиб қишлоқдан беш-олти километр жойга, машина томон ҳайдаб кетишди. Йўл-йўлакай укасига телефон қилиб, манзилни тушунтирди. Бу жойларни яхши биладиган ука «Газель» билан келди. Қўйларнинг 46 тасини юклашганда машина тўлиб қолди.

– Бўпти, сизлар бораверинглар, биз ортган қўйларни жойлаштириб етиб борамиз, – деди Сирож.

Улар кетишди.

Сирож учта қўйни «Ласетти»нинг юкхонасига ортди. Қолган қўйларни ҳайдаб юборишди. Ишни пишириб, хотиржам Нуробод шаҳри томон кетишди. Лекин йўлда ишкал бўлди. ЙПХ ходимлари тўхтатишди. Сирожнинг ароқ ичгани сезилиб қолди. Уни Самарқанд вилояти наркология диспансерига олиб кетишди. Ҳамма иш тўхтади. Машинани жарима майдонига қўймоқчи бўлишди. Юкхонада эса учта қўй бор. Сирож шу яқин атрофда яшарди. Чақириб, машина юкхонасидаги қўйларни олиб беришди. «Газел»даги қўйлар ҳам димиқиб қолмаслиги учун уларни ҳам қайнотасининг қўрасига тушириб қўйишди.

Ярим кечаси диспансерда текширувдан ўтказиб, ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ЙПХ ходимлари Сирожни қўйиб юборишди. Сирож бир таксига минди-да, йўл-йўлакай «Газель» шофёрига қўнғироқ қилиб, Самарқанд – Каттақўрғон йўлига чиқиб келаверишни тайинлади.

Келишилган жойда учрашишди. Сирож юкхонани очиб қўйларни текширди. Биттаси ўлиб қолган экан, тушириб ташлашди ва Бухоро томон йўлга чиқишди.

Вобкентга тушга яқин етиб боришди. Қўйлар харидорга маъқул бўлди. Сирож 40 миллион сўмдан ортиқ пулга эга бўлди.

Қўй эгалари зир югуриб излашди. Бир чўпон йигирмата қўй топиб олиб, ҳайдаб келди. Чўпон айтган манзилга борганлар у ерда автомашина изларини кўришди. ИИБга ариза беришди.

ИИБ ходимлари гумондорлар қатори Сирожни ҳам чақиришди. У ҳеч нарсани тан олмаган бўлса-да, барибир юрагига ғулғула тушди. Ўйлаб-ўйлаб яна Бухорога йўл олди. Қўйларни қайтариб олиб келиб, қишлоқ яқинига қўйиб юбораман деб ўйлади.

Қўй олган харидорнинг уйида ҳеч ким йўқ экан. Томорқасида бўлса керак деб излаб кетди. Томорқаси уч-тўрт километр нарида, катта йўлнинг ёқасида эди. У ерда ҳам ҳеч ким йўқ, қўйлар қўрада турган экан. Кечгача кутди, ҳеч ким келмади. Шартта бир юк машинасини тўхтатиб нархини келишди-да, қўйларни ортиб кетди. Ўзи ўғирлаб сотган қўйларни яна ўзи ўғирлади. Юк машинаси билан қишлоғи яқинидаги адирга келди-да, қўйларни тушириб ҳайдаб юборди. Ўзи эса Тошкент шаҳрига кетди.

Бироқ эртасига хотини қўнғироқ қилиб, ИИБ ходимлари қаттиқ излашаётганини айт­ди. Сирож тақдирга тан бериб Нурободга қайтди. ИИБга бориб қилмишларини тан олди.

Бу ўғирлик ҳақида фақат Зокир биларди, қолганлар бехабар эди. Сирож билан Зокир иккаласи жиноий жавобгарликка тортилиб, суд орқали жазосини олди. Пул ва қўйлар эгаларига қайтарилди.

Раҳим ҲАКИМОВ,

Нуробод тумани прокурори