Чингa aйлaнмaгaн «эpтaк»

20:17 - 09.09.2020

3

Нафсга эрк беришнинг оқибати яхши бўлмайди. Пешку тумани Қалъа қишлоғида яшовчи Шариф Зарипов нафсига эрк бериб эл олдида шарманда бўлишдан ёмони йўқлигини энди билади. У бирданига бой бўлиб қолиш истагида юрарди. Охири масъулияти чекланган жамият очиб, одамлардан пул, чет эл валютаси, автомобиль, қорамол йиғиб, эвазига бириникидан бирига фоиз бериб даромад кўриш фикрида тўхтади.

Молиявий пирамида ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаса-да, пули бор кишининг пичоғи мой устида бўлишини ўйламади. Хомхаёл ҳақиқатга айлана бошлади. У «Худоёр ўғиллари» МЧЖни ташкил қилди.

Қишлоқдаги бир даврада биржадаги аукционларда қатнашиб брокерлик қилаётгани билан мақтанди. «Агар ортиқча пулларинг, сигир-бузоқларинг бўлса ҳам олиб пулларингни кўпайтириб қайтараман» деган ёлғони бир зумда пули борларнинг қулоғига етиб борди.

Пулимни кўпайтириб бераркан деган умидда «бой»нинг  дарвозасини тақиллатиб келган Жамшид Саидов 117 млн. сўм ва 16 200 АҚШ доллари, Жаҳон Раҳимова 72 500 АҚШ доллари, Асқар Маъмуров 26 500 АҚШ долларини ўз қўллари билан келтириб беришди. Шарифбой ҳам анойи эмас. У соқолидан юлиб бурут ясаб, фойдадан деб уларга озроқ пулларини  қайтариб бериб янада кўпроқ ишончига кириб олди.

Шариф Зарипов 2019 йилнинг февраль ойидан ноябрь ойига қадар Пешку тумани «Қалъа», «Куёвхўжа», «Навоий», «Варахшо» МФЙ ҳудудида яшовчи 30 кишини пулини топширишга қизиқтириб, чув туширди. Аммо 2-7 кун мобайнида устама билан олишларини ваъда қилган «бой» фуқароларнинг пулларини қабул қилиб, аслида бирон-бир қонуний фаолиятга сарфламаган.

У гўё пулларни Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги банкларга қўяётгандек уларга ҳам кириб чиқар ва бундан пул берган айрим кишиларни ҳам воқиф қилар, ўзи билан бирга олиб кетар эди.

Тез фурсатда бойиб кетаётган укасининг хатти-ҳаракатидан акаси Шерзод Зарипов хавотирга тушгани рост. Ахир «Нексия», ўнта болали сигир, иккита ҳўкиз, «фалончидан пул келтир», «пистончига пул олиб бориб бер» деган топшириқлардан сўнг Шарифдан бу қанақа пул эканлигини сўраб ҳам аниқ жавоб ололмади.

Одамларни алдаш эвазига жарақ-жарақ пулни кўрган Шариф Зарипов саховатпешаликни ҳам унутмади. У Налбандон қишлоғида футбол майдони қуришни режасига киритиб қўйди. Бироқ «Қачон фойдани берасиз?», «Пулим қанча кўпайди?» деб сўраб келаётганларга унинг жавоби йўқ эди.

Бундан ташқари, Шариф Зарипов қўлга киритган пулига қонуний тус бериш мақсадида 2019 йил 24 сентябрда «Lada vesta» русумли автомашина сотиб олган ҳамда Налбандон қишлоғидан туман ҳокимининг 2018 йил 31 майдаги қарори билан фуқаро Шамшод Саидовга сунъий қопламали футбол майдончаси ҳамда ёрдамчи бинолар барпо этиш учун ажратилган 1000 кв. метр ерда футбол майдони ва биноларнинг пойдеворини қуриб, жиноий даромадни легаллаштириш жиноятини ҳам содир этган.

Суд ҳукми билан Шариф Зарипов 9 йилу 5 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Аммо бир жиҳат кишини ўйлашга ундайди. Фуқароларнинг дунёқараши, ҳуқуқий онги ўзгариб бораётган бугунги кунда ҳам Шарифбойга ўхшаганларнинг ёлғонига ишонадиган одамларни соддадил, ишонувчан деймизми ёки ноқонуний йўллар билан пулини кўпайтириш илинжида юрган кимсалар десак тўғрими?

Тўймурод Султонов,

Департаментнинг Пешку тумани бўлими инспектори