Ўн caккиз йил ўтиб…

14:24 - 21.08.2020

0

– Отам қани? Ишхонасидан сўрашаяпти. Автобазага ҳам икки кундан бери бормабди.

Аёл ўғлининг ташвишли овозини эшитиб, ҳовлиқиб қолди.

– Билмадим, болам, – деди. – Кўрдинг-ку, неча кундан бери мазам бўлмай, ўзим билан ўзим бўлиб юрибман. Хонасига бир қара-чи?

Отасининг хонасидан хабар олгани борган ўғил уни ўрнида қонига бўялган ҳолида топиб, қичқириб юборди…

* * *

Элдор 2001 йил октябрь ойидан 2002 йил август ойига қадар Муборак тумани «Муборак» қоракўл-наслчилик ширкат хўжалигининг марказида яшаб, автобаза директори Салимбой Ҳамроевнинг уйида мардикорлик қилди. Гоҳида унга шериги Руслан ҳам қарашиб турарди. Элдор қўлигул уста ва пайвандчи эди. Тез орада ҳаммомдан тортиб молхонагача, узум вайишларидан айвонгача анча обод бўлиб қолди. Бундан ташқари, темирдан иккита сейф, битта эшик ҳам ясаб берди.

Ўша куни Элдор шериги Руслан билан вино ичди.

– Э, ошна, паспортнинг ҳам муддати тугаб бораяпти, – деди Руслан. – Тезроқ Россияга кетишимиз керак. Анави каттангдан йўлга пул сўраб кўр. Берармикан?

Элдор Салимбой акадан бажарилган ишлар учун 50 минг сўм ва қарзга 100 минг сўм сўради.

– Тушунмадим, – деди Салимбой ака. – Иш ҳақларингизни тўлиқ берганман-ку? Бундан ташқари ҳозир пулим йўқ. Яқинда бўлади. Унгача битта ҳожатхона қуриб берасизлар, кейин гаплашамиз…

Элдор бир неча кун илгари Салимбой аканинг қўлида ишловчи ходимлар унга ярим халта пул келтириб берганини, у эса пулни ўзи ясаб берган сейфга жойлаганини кўрганди.

Хўжайиннинг пули бўлатуриб бермагани усталарга алам қилди. Ўша кеча улар яна вино ичишди. Сўнг С.Ҳамроевдан пулни тортиб олиш режасини тузишди.

* * *

Ўшанда 2002 йил 22 октябрь эди. Элдор ва Руслан қабиҳ ниятини амалга ошириш мақсадида қўлқоп, пичоқ, болға ва бошқа қурилиш асбоблари билан қуролланиб, кечқурун Салимбой аканинг уйига боришди.

Гараж дарвозаси олдида тўхташди. Бирови нос чекди, иккинчиси сигарет тутатди. Атрофни кузатиб, ичкарига киргани қулай жой қидиришди. Ҳовли девори тагига тўкилган қум ва шағалга чиқиб девордан ошиб ўтишди. Дарвозахонадаги каравотлардан бирининг тагига кириб олишди. Элдор ётоқхонанинг темир эшигини ўзи ясаганди. Уни бузиб кириш амримаҳол эди. Шу сабабли каравот тагида хўжайиннинг ҳожатга чиқишини кутишди. Ниҳоят С.Ҳамроев ташқарига чиқди. Пайтдан фойдаланган икковлон секингина ўзларини ётоқхонага уришди.

Бирови стол, иккинчиси диван тагига яширинди. Хонадон соҳиби жойига қайтиб ухлаб қолгач, иккови қўлларига қўлқоп кийишди. Элдор уй эгасининг оёғидан ушлаб турди, Руслан эса адёл билан унинг бошини ёпиб, чап кўксига тўрт марта пичоқ урди. Бу ҳам етмаганидек болға билан бошига қайта-қайта ура бошлади. С.Ҳамроев тинчиб қолгач, калитини олиб сейфни очишди. Ичидан пулни, қимматбаҳо тақинчоқларни, шкафдан икки жуфт пойабзал, иккита спорт кийими ва сумкасини олиб қочишди…

Қарши – Бухоро йўлидан ўтиб, қум конига боришди. Ўша ерда устидаги қонли кийимларни алмаштириб, болға ва пичоқни кийимларига ўраб, кондаги кўлмакка отиб юборишди. Сўнг темирйўл ёқалаб Бухоронинг Қоровулбозор туманига йўл олишди.

У ердан «Дамас» машинасида Когон туманига бориб, меҳмонхонада бир кеча тунашди. Шу ерда С.Ҳамроевнинг уйидан олган пулни санашди. 6 млн. сўм экан. Эртаси куни Бухоро шаҳридаги қорабозордан пулни доллар ва рублга алмаштириб, ўзларига иссиқ кийим сотиб олиб, автобусда Урганч шаҳрига кетишди.

Урганчдаги меҳмонхонада дам олгач, йўловчи машинада Россияга жўнашди. У томонларда шерикларнинг йўллари айро тушди.

2018 йил ноябрь ойида синглиси Албина Элдорга Русланнинг юрак хуружидан ўлганини айтди. Буни унинг укасидан эшитган экан.

«Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади» деганларидек, орадан шунча йил ўтишига қарамасдан Элдор қўлга олиниб, жинояти учун суд олдида жавоб берди (бу орада ишнинг Русланга оид қисми тугатилган эди).

* * *

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди Элдор Янузаковга 19 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчининг ҳисобидан марҳумнинг қонуний вакилига 56 млн. 300 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилди.

Даврон ТУРАЕВ,

Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи