Taнқидий мyҳoкaмa қилинди

13:53 - 21.08.2020

4

Жорий йилнинг 18 август куни Бош прокурор раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан ғўза парвариши ва пахта йиғим-теримига доир қонунчилик ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агроинспекция, вилоят ва туман прокурорлари, ҳокимларнинг соҳага масъул ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда экинларни етиштириш, айниқса ғўза агротехникаси ва пахтани йиғиштириб олиш борасидаги ишлар танқидий муҳокама қилиниб, қонун бузилиши тизимли тус олгани оқибатида қатор муаммолар юзага келгани таъкидланди.

Хусусан, республика бўйича 210 минг гектар, шундан Андижон вилоятида 3,7 минг, Бухорода 3,8 минг, Тошкентда 5,4 минг, Наманганда 6,4 минг, Навоийда 8,3 минг, Фарғонада 8,5 минг, Сурхондарёда 9,7 минг, Қашқадарёда 12,6 минг, Самарқандда 18,6 минг, Хоразмда 17,9 минг, Қорақалпоғистонда 26 минг, Сирдарёда 38,5 минг, Жиззахда 50 минг гектар ердаги ғўзаларнинг ўсиши суст.

Сувдан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмагани оқибатида республикадаги барча манбалардан ғўзани суғориш учун бир кунда секундига 1270 куб метр сув олиниб, шунча сув билан 55-60 минг гектар майдонни суғориш мумкин бўлса-да, амалда 45 минг гектар ер суғорилмоқда.

Мирзачўл, Сайхунобод, Қизириқ, Бўка, Элликқалъа, Ўзбекистон, Муборак, Мингбулоқ, Чуст, Пахтачи туманларида 1,5-2 минг гектар майдондаги ғўзалар чанқаган бўлишига қарамай, суғориш асоссиз кечиктирилаяпти.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратилган имтиёзли маблағлар нотўғри ишлатилган.

Бу йил пахта ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитнинг 58,7 млрд. сўми «Агробанк» филиаллари мансабдорлари томонидан нотўғри сарфлаб юборилган.

Ўтган йилги харажатлардан 1 трлн. 767 млрд., шундан 1 трлн. 708 млрд. сўми кластерлардан ҳамда 59,5 млрд. сўми фермер хўжаликларидан қайтарилмаган. Кластер корхоналарининг 19 таси олти ойдан буён муддати ўтган 433 млрд. сўм қарзини қайтармаган.

Соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китоблари ҳамда ҳудудлардан олинган таклифларга кўра, бу йил 829,2 минг гектар пахтазорда дефолиация ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бироқ Қорақалпоғистонда, Қашқадарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 6-8 фоиз, Бухорода 12 фоиз, Хоразмда 25 фоиз, Сурхондарёда 29 фоиз дефолиант захира қилинган бўлса, Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида умуман захира қилинмаган.

Шу билан бирга, республиканинг табиий шароитидан келиб чиқиб 42 534 гектар ерга картошка экиш режалаштирилган бўлса-да, режадаги 3717 гектар майдонга картошка экилмаган.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро вилоятлари прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари, мазкур вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари эшитилди.

Қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф қилиш ҳамда соҳага доир қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими