Oналик ҳyқyқидaн мaҳpyм бўлди

14:21 - 21.08.2020

5

Ўн олти яшар Сунбуланинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўрган-кечирганлари катта-ю кичикнинг дилини ўртайдиган ҳинд киносининг сюжетини эслатади.

Эсини таниганида онаси билан бировнинг уйи­да ижарада туришарди. Тушга яқин онаси юк машинасида келди. Кўч-кўронларини юклашди. Бир соатча юришгач, кейин билишича, Асака шаҳридаги ҳовлилардан бирига етиб боришди. Юкларни тушириб битта хонага жойлаштиришди. Янги жой, янги мактаб, дастлаб болалар келгинди қизга унчалик рўйхушлик беришмади. Ёшига нисбатан тез улғаяётган, турмуш аччиқ-чучукларини тотишга улгурган Сунбула ётсирамай синфдошларига қўшилиб кетди. Энди яқин дугоналар орттирганида тағин кўчишди. Бу сафар Ёзё­вонга. Ундан кейин Марғилонда яшай бошлашди. Тўрт марта мактабдан мактабга кўчган ўн олти яшар қиз қайсар, шаддод бўлиб улғаймоқда эди. Онаси Ойшахон турмушга чиқди. Андижонда ўгай отанинг уйида тура бошлашди. Онаси ва ўгай отанинг тасодифан қулоғига чалинган баҳси дилини парча-парча қилди.

– Нима деб келишгандик, унутдингми? Туққан онасига элтиб бер ташландиқни!

Сунбула қулоқларига ишонмади. Наҳотки туққан онаси бошқа?

– Ўзимнинг боламдай бўлиб қолган, кўзим қиймаяпти.

– Танла, ё у, ё мен. Гап тамом.

Ойшахоннинг буёғига ўз онанг билан яшайсан деган гапига кинодагидай кўз ёши қилмади. Кўчиб келган дастлабки кунданоқ бу хонадонга етти ёт бегоналигини, меҳр топмаслигини сезган эди.

– Нега айтмагансиз, нега яширдингиз? Бўпти, туққан онам билан тураверман.

Туғуруқхонада боласидан воз кечган, шунча йиллар давомида бирон марта йўқламаган онасининг турқини кўз олдига келтира олмади. Ойшахон уни Фарғона шаҳридаги туғишган бувисининг ҳовлисига олиб келди.

– Соттихоннинг қизи, ўн олти йил боқдим. Шароитим кўтармай қолди. Буёғига энди ўзларингиз қаранг.

– Шошмай туринг, Соттихонни ўзи келсин, гаплашиб олинглар, – деди буви.

– Туркиядами ҳалиям, қачон қайтади-ю…

– Келган, яқинда кўчага чиққанди.

– Бўпти, телефонда гаплашиб оламиз, – деб Ойшахон Андижонга қайтиб кетди.

Соттихон ҳар қалай қизини тан олди, ҳайдаб солмади. Йиғи-сиғи қилмади, ўзини оқламади. «Ўшанда шунақа бўп қолди, ҳомилам саккиз ойлигида отанг мен билан ажрашди. Кўчада қолдим. Бошпанам йўқ. Ҳеч қаерда ишламасдим. Сени боқа олишимга кўзим етмай, тирноққа зор бир кишига топширдим. Кейин пул ишлагани Туркияга кетдим». Ҳовлида бувисидан ташқари турмушидан ажрашган икки холаси, тоғаси бола-чақаси билан тураркан. Тоға сиртдан сипо, янгасининг нигоҳи ништардай ботар,  болалари «ҳароми, келгинди» дея орага қўшишмасди. Онасидан ҳам тирноқча меҳр кўрмади. Бувиси кўксидан итарди.

Ушбу ҳолатни ўрганган Фарғона шаҳар прокуратураси қонунда белгиланган тартибда Соттихон Сафаровани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, Сунбулани васийликка олиш тўғрисида судга даъво аризасини киритди. Ариза хорижга чиқиб кетган, аниқ манзили номаълум жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқилди. Фарғона шаҳар прокуратурасининг вакили жавобгар С.Сафарова уч ойлик чақалоғини бировларга бериб юборгани, туққан боласини ўн олти йил мобайнида кўрмагани, оналик мажбуриятини бажармагани, ҳозир вояга етмаган қиз бувисининг қарамоғидалиги, бироқ на бувиси, на бошқа яқин қариндошлари уни васийликка олишни хоҳламаётганини баён этиб, даъвони қаноатлантиришни сўради.

Васийлик ва ҳомийлик органи вакили даъвони қувватлади.

– Вояга етмаган С.Сафарова мактабнинг 10-синфида ўқийди, – деди у. – Ота-она тарбиясини кўрмагани туфайли хулқи яхши эмас. Васий тайинланишга муҳтож.

С.Сафарова васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси иштирокида бир ой туққан онаси билан яшагани, уни кечиргани, бошқа кетиб қолманг дея илтимос қилганига қарамай у яна Туркияга кетиб қолганини, унинг оиласидагилар, яъни бувиси, тоғаси, холалари уйга сиғдиришмаётганини қайд этди. «Меҳрибонлик уйида ёки Қўқондаги қизларнинг махсус мактабида ўқишга тайёрман», – дея сўзини якунлади.

Фарғона шаҳар прокуратурасининг даъвоси қаноатлантирилди. Суд тошбағир Соттихон Сафаровани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, Сунбула Сафаровани васийлик ва ҳомийлик органига топшириш, у вояга етгунига қадар онасидан васийлик ва ҳомийлик органига алимент ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Мухаммадбобур Умаралиев,

Фарғона шаҳар прокурорининг ёрдамчиси