Илм-фaн, aмaлиëт вa иннoвaция

14:32 - 21.08.2020

30

Аҳолини қонунларга ҳурмат ҳамда итоат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда прокуратура органлари муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Бош прокуратуранинг олий ўқув курслари Бош прокуратура академияси этиб қайта ташкил этилган. Фармон билан тасдиқланган йўл харитасининг 11-бандида миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга масъул этиб Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бош прокуратура ва Фанлар академияси белгиланган.

Чинакам халқ прокуратурасини шакллантириш йўлида амалиётнинг илм-фан ва инновация уйғунлигида олиб борилиши ҳозир прокуратура органларининг асосий вазифаларидан бирига айланган. Жумладан, академиянинг «Proacademy» электрон журнали «Ўзбекистон онлайн тадқиқот» («Uzbekistan research online») электрон порталига киритилган республика олий таълим муассасаларининг
41 та илмий журнали қаторидан муносиб ўрин эгаллади.

Энди электрон журналда чоп этиладиган чет тилидаги мақолалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тасдиқлаган нуфузли хорижий илмий журналларда чиққан илмий мақола сифатида эътироф этилади. 2020 йил 1 августгача республика олий таълим муассасаларининг мазкур журналларида халқаро стандартларга мослаштирилган 4600 дан ортиқ илмий мақола нашр этилган бўлиб, улар 108 та давлатда 59 700 марта юклаб олинган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари бўйича илмий-техник кенгашга академиянинг уч нафар салоҳиятли ўқитувчиси киритилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган илмий-амалий ёки инновацион лойиҳалар танловида 20 дан ортиқ муассаса орасида академия тақдим этган илмий лойиҳа биринчи марта ғолиб бўлди. 4-5 август кунлари вазирлик ҳайъатининг онлайн тарзда ўтказилган йиғилишида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида инновацион ҳамда амалий лойиҳалар танловига келиб тушган лойиҳаларни молиялаштириш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокамага турли фанлар бўйича илмий-техник кенгашлар тавсия этган 14 та лойиҳа киритилди. Молиялаштирилиши тасдиқланган 8 та лойиҳадан 2 таси Бош прокуратура академиясининг лойиҳасидир.

Академия тақдим этган инновацион лойиҳалардан бири «Аҳоли миграциясида рақамли визалар платформасини ишлаб чиқиш» лойиҳаси бўлиб, у илмий изланишлар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар инновацион ёндашув орқали амалга оширилиши билан бошқа лойиҳалардан фарқланади.

2020 йилнинг январь ойида Давлат бошқаруви академияси ҳузуридаги илмий кенгашда мазкур лойиҳа мавзусига доир юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси ҳимоя қилинган. Ўзбекистонда миграция соҳасидаги давлат бошқарувининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган тадқиқот ушбу лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Лойиҳа мавзуси эътиборни тортади. Зеро, жаҳонда аҳоли миграцияси ҳар бир давлатнинг тараққиётига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири бўлиб, ҳозир бирорта ҳам мамлакат миграция жараёнларидан четда қолмаган. БМТ маълумотига кўра халқаро мигрантларнинг умумий миқдори сўнгги 25 йилда икки баробар кўпайиб, сайёрамиз аҳолисининг 3,5 фоизига тенглашди. 2050 йилга бориб мигрантлар сони 405 миллиондан ортиши тахмин қилинаяпти. Бу эса инсонларнинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқини яхшироқ кафолатлашни талаб этмоқда.

Миграция жараёнларини самарали бошқариш муаммолари тадқиқ этилмоқда. Бу борада ҳар бир давлат халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ миграция сиёсатини юритиши, аҳоли сонининг ўсиши нафақат мамлакатдаги ижтимоий муносабатларга, балки халқаро меҳнат бозорига ҳам таъсир ўтказаётгани, меҳнат мигрантлари ватанига жўнатаётган пул аҳамияти бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан кейинги ўринни эгаллаши  кузатилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда миграцияни тартибга солишда ахборот-коммунакация технологияларидан оқилона фойдаланиш лозим. Мазкур жараёнда инсон омилини иложи борича камайтириш коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Бош прокуратура академияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиққан лойиҳа икки йил давомида амалга оширилади. Унда қуйидагиларга эришилиши назарда тутилган:

– ўзида хорижий ташкилот ва корхоналарга ишга жойлашиш имконияти, депортация бўйича тақиқларнинг олиб ташлангани, хорижга чиқишнинг тақиқлангани ҳамда чет давлатларнинг миграцияга оид қонунчилиги тўғрисидаги маълумотларни мужассам этган «Musofir» рақамли визалар платформаси яратилади;

– меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро стандартлар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ўрганилади;

– олий таълим муассасаларида «миграция ҳуқуқи» фанини ҳуқуқнинг алоҳида соҳаси сифатида ўқитиш мақсадида дарслик тайёрланади.

Бундан ташқари, илмий жамоа томонидан лойиҳани амалга ошириш натижаси бўйича «Фан тармоғи» («Web of Science Core Collection») ёки «Скопус» («Scopus») маълумотлар базасига кирувчи хорижий нашрларда 10 га яқин илмий ишнинг эълон қилиниши, Олий аттестация комиссияси томонидан белгиланган журналларда мақолалар чиқарилиши, монографиялар чоп этилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида миграция соҳасидаги маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилади, давлатнинг техник ресурслари ва маблағи тежалишига эришилади, қолаверса, мазкур соҳадаги коррупцион омиллар бартараф этилади.

Луқмонжон ИСОҚОВ,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори