Тугaл бўлoлмaгaн тўpтoвлoн

10:33 - 14.08.2020

7

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида Шерзод Ҳайдаров, Жамшид Тўймуродов, Зариф Жўраев ва Озоджон Худойназаровнинг жиноят иши кўрилди.

– Муборак туманидаги 20-мактабни девор билан ўраб олаяпман, қурилиш тўхтаб қолмаслиги учун менга айтган пулимни бериб туринг, 2018 йил март ойининг охирида қурилишни якунлаб, олинган фойдадан пулингизни устига қўшиб қайтараман, агар бера олмасам, уйимни номингизга расмийлаштириб бераман…

Шерзод Ҳайдаров 2017 йил 27 декабрь куни таниши Муқаддас Очиловани шундай авради.

Шу тарзда М.Очиловадан бўлиб-бўлиб 55 млн. сўм пул олиб, жиғилдонига урди. У ёғини сўрасангиз, мактабдаги девор ва ундан келадиган фойда ҳақидаги гаплар ҳам у тўқиган чўпчак бўлиб чиқди.

Бундан ташқари, Шерзод Жамшид Тўймуродов, Зариф Жўраев ва Озоджон Худойназаров билан жиноий тил бириктириб, бошқа жиноятга ҳам қўл уришди.

Икки йил аввал Ш.Ҳайдаров «Nexia» автомашинасида авария содир қилган ва бунинг оқибатида Тошкентдан кийим-кечак олиб қайтаётган Ю.Қўлдошева ҳам жароҳат олганди.

Шундан сўнг Ш.Ҳайдаров маъмурий жавобгарликка тортилиб, ундан Ю.Қўлдошевага 2 млн. сўм ундириш белгиланган эди. Аммо Шерзод ваъдадан нарига ўтмасдан, бу пулни тўлашни ҳам пайсалга солиб келарди. Охири тоқати тоқ бўлган аёл Шерзодга «Ўша пул сенга садақа» қабилида СМС хабар ёзиб юборди. Аёлнинг турмуш ўртоғи ва Шерзоднинг телефон орқали мулоқотида ораларидан гап қочиб, улар бир-бирларини ҳақоратлашгача бориб етишди. Шерзодда у билан юзма-юз гап­лашиб, аламини олиш фикри туғилди. Юқорида айтилган шериклари билан мазкур маҳалла ҳудудидаги эски чойхона ёнига Баҳодирни чақириб, уни турмуш ўртоғининг кўз ўнгида дўппос­лашди.

Орадан бир ой ҳам ўтмасдан Жамшид Тўймуродов Озоджон Худойназаров билан яна бир жиноятни содир этишди. Улар 2019 йил 1 май куни соат 21:30 ларда «Муборак» ресторанига кириб келиб, туғилган кунини нишонлаётган Шерзодбек Худойбердиев билан жанжал чиқаришди. Сўнг уни ҳам аёвсиз дўппослашди…

Судда судланувчилар ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймон эканликларини билдиришди.

Суд ҳукмига кўра Шерзод Ҳайдаровга 4 йилу 6 ой, Жамшид Тўймуродовга 4 йилу
2 ой, Зариф Жўраевга 4 йилу 3 ой, Озоджон Худойназаровга 4 йилу 4 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

«Тўртовлон тугал бўлса, бўлмас ишни дўндирар, олтовлон ола бўлса, оғзидагин олдирар» дейди халқимиз. Зўравонлик йўлида бириккан тўртовлон эса қилмишларига яраша жазосини олишди.

Ғолибжон ТЎРАЕВ,

Муборак тумани прокурорининг ёрдамчиси