Содда бўлманг!

10:35 - 14.08.2020

3

Шербек ўз ишлари билан банкка борганда у ерда ишлайдиган Лобар билан танишиб қолди. Оилали бўлса-да қизни авради, ҳали бўйдоқ эканини айтиб, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Йигитнинг гапларига ишонган Лобар ширин хаёллар суриб, у билан оила қуришига ишониб юрди.

Ўша пайтлари Лобар банк филиалининг 108 млн. сўм кредитига «Жентра» автомашинасини олди. Машина салондан чиққандан сўнг ўзининг номига расмийлаштирди. Ишончнома билан машинани Шербекка бериб қўйди. Кредитни ҳам Шербекнинг ўзи тўлаб борди.

Орадан бир йил ўтди, Шербек пулга муҳтож бўлиб, «Жентра»ни машина бозорига олиб чиқди.

Шу куни Самад ҳам машина кўриш мақсадида бозорга чиққанди. Шербекнинг машинасини кўргач, маъқул келди. 10500 АҚШ долларига келишишди. Самад шу ерда 7800 доллар берди. Шербек машина Лобарнинг номида эканини айтди.

– Расмийлаштиришда муаммо бўлмайдими? – хавотирланиб сўради Самад.

– Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Иккиланманг, хавотирланманг, – деб Шербек уни тинчлантирди.

Машина тақиқда турганини яширди.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас Самад телефон қилди:

– Алдаб сотибсан, машина тақиқда экан-ку.

Шербек «ҳеч қандай тақиқда турмайди» деб уриб енгди.

– «Атлас» супермаркетининг олдига кел, гаплашиб оламиз, – деди Самад.

Шербек учрашувга келмади, унинг қўнғироқларига жавоб ҳам бермади. Эртаси куни шу жойда учрашишди.

– Мана машинанг, пулимни қайтар, – деди Самад ғазабланиб.

Шербек таниши Давлатни чақирди. Икковлашиб Самадни тинч­лантиришга уринди.

– Ака, мана менинг «Ласетти»мни олинг, – деб кўрди Давлат.

Лекин Самад кўнмади, «машинанинг эгаси билан кўриштирасан» деб туриб олди.

Шербек Лобарнинг олдига бориб, вазиятни тушунтириб олиб келди. У машинанинг пулини олгани ҳақида тилхат ёзиб берди.

Бир неча кундан кейин яна учрашиб, нотариал идорада машинани расмийлаштириб берди ва Самаддан яна 600 доллар олди.

Шербек машинани сотгач, кредитни тўламай қўйди. Россияга ишлашга кетиб қолди.

Уч-тўрт ойдан кейин банк филиали ходими Самадга қўнғироқ қилиб, Лобарга тегишли «Жентра» банкнинг ҳисобида гаров сифатида турганини, агар банкка 85 млн. сўм пулни тўламаса, машина олиб қўйилишини айтди.

Алданиб қолган Самад тегишли жойга мурожаат қилди.

Россиядан қайтиб келган Шербек кредитни тўлади, Самадга етказилган моддий зарарни ҳам қоплади.

Суд мажлисида Лобар ҳам, жабрланувчи Самад ҳам судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришди. Суд ҳукми билан Шербекка базавий ҳисоблаш миқдорини 125 баравари миқдорида жарима солинди.

Ишонувчанлик қурсин. Ёлғон сўзлашга одатланмаган одамлар ҳаммани ўзига ўхшатади, гапларига ишонади. Шербек сингарилар эса ўз манфаати йўлида соддадиллардан фойдалиниб қолишади.

Темур ҚОДИРОВ,
Самарқанд вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси