Oв қилишнинг ҳaм тapтиби бop

10:18 - 14.08.2020

20

Мамлакатимизда уста овчилар кам эмас. Лекин ов қилишнинг ҳам ўзига хос талаблари бор. Улар 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилган.

Хусусан, ов қилиш истагида бўлган киши:

– овчилик гувоҳномасига, ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир гувоҳномага, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномага, овчилик йўлланмасига эга бўлиши шарт;

– ёввойи ҳайвонларни овлаш учун белгиланган миқдорда пул тўлаши лозим;

– ов қилишга рухсат этиладиган ҳудуддан ташқарида ов қилишга йўл қўйилмайди;

– овчи хавфсизлик қоидаларини билиши ва уларга риоя этиши шарт.

Ов қилмоқчи бўлган шахс ов муддатига риоя қилишига тўғри келади. Ёввойи ҳайвонларни овлашга асосан куз ва қишда рухсат берилади. Масалан, беданани 1 августдан 30 ноябргача, тоғ такаси ва буғуларни 1 сентябрдан ва 31 декабргача, ондатра, қирғовул, қорабовурни 1 октябрдан 31 декабргача овлаш мумкин.

Ов қуроллари ва усулларидан тўғри фойдалана олиш ҳам овчиликнинг талабларидандир.

Ёввойи ҳайвонларни тутишда ўзиотар қурол, камон, арбалет ва найза, сиртмоқ, илгак, туёқли ёввойи ҳайвонлар учун қопқон ва тўрдан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, портловчи моддаларни ва биологик препаратларни, электр токини қўллаш, дов-дарахтларни ёқиш, товушсиз отиш мосламаларидан фойдаланиш, ёнғин, тошқин ва бошқа табиий офатлардан қочаётган ҳайвонларни овлаш мумкин эмас.

Агар шахс қонунга зид равишда ов қилса, у ғайриқонуний овчи, яъни браконьер деб эътироф этилади. Бу эса, ўз навбатида, жавобгарликни келтириб чиқаради.

Маъмурий жавобгарлик­ тўғрисидаги кодекснинг 23-моддаси 1-қисмида ҳуқуқ­бузарлик учун қўлланиши мумкин бўлган жазо турларига ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам киритилган.

Ушбу кодекснинг 27-моддаси 1-қисмида ҳуқуқбузарлик қуроли бўлган ашёни ёки ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш мазкур ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат мулкига ўтказишдан иборатлиги, ушбу чора туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан қўлланиши белгиланган. Бироқ асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларнинг ўқотар қурол ва ўқ-дорилари, бошқа қуроллари мусодара қилинмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Мазкур кодекснинг 90 – 91-моддалари айнан ов билан боғлиқ қоидабузарликларга ба­ғишланган.

Жумладан, 90-моддага кўра:

ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлади;

фуқаро маъмурий жазо қўллангандан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарликни такроран содир этса ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима солинади;

маъмурий жазо икки марта қўлланганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарликни такроран со­дир этиш ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима солишга ёки уч йилгача ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойда ёхуд вақтда, тақиқланган қуроллар билан ов қилиш ёки балиқ овлаш ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача ёки уч йилгача ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 202-моддасига асосан ов қилиш ва балиқ овлаш қоидасини бузиш, камёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша қилмишлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса, бундан ҳам оғирроқ жазо берилади.

Акрамжон Хужамов,

ҳуқуқшунос