Меҳр сўнган хонадон

10:16 - 14.08.2020

6

Оила тинч, мустаҳкам бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади. Аммо турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани, ажримларнинг кўпайиб бораётгани ташвишланарли ҳолат.

Ажримлар туфайли фожиа юз бераётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Баъзи эркаклар хотини билан ажрашгач гўё ташвишлардан холи бўлиб, фарзандларининг тақдирини ўйлаб ҳам кўрмайди. Суд гарданига бир қатор мажбуриятларни юклаганда эса жазавага тушиб қолади.

Хусусий шифохоналарнинг бирида қоровул бўлиб ишлаб юрган Илҳом Рус­тамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласининг ишонган тоғи, ҳимоячиси бўла олмади. Турмуш ўртоғи Дилдора билан ўрталарига совуқчилик тушди, келишмовчиликлар газак олиб, 2017 йилнинг октябрида норасмий ажрашишди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас бошқа аёлга уйланиб олди. Бу ҳолат Дилдоранинг бош кўтаришига сабаб бўлди.

У эрининг қонуний никоҳда бўла туриб бошқа аёлга уйланиб олганидан норози бўлиб судга арз қилди. Унинг мурожаати асосида фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди ҳал қилув қарорини қабул қилди. 2018 йилнинг 10 октябрида Мажбурий ижро бюросининг Асака тумани бўлими ижрочиси ижро ҳужжатига асосан Д.Рустамовани собиқ турмуш ўртоғи ўз оиласи билан яшаб келаётган уйнинг битта хонасига вояга етмаган фарзанди Назирахон билан бирга киритиб қўяди.

Шундан кейин Илҳом Рустамов собиқ хотинидан қутулиш йўлини қидиришга тушади. Шундай ўйда 3 ноябрь куни соат 23:00 ларда Дилдоранинг хонасига киради. Хонада иккита электр иситкич ёқилганини кўриб, унга дашном беради. Электр ҳақи ошиб кетаётганига у сабабчидай иситкичларни ўчириб, печка ёқишни буюради. Дилдора унга сабрли бўлишни, чидаши кераклигини айтганида Илҳом уни жаҳл билан итариб юборади. Дилдора ерга йиқилади. Кўзи қонга тўлган собиқ эр унинг бўйнига чанг солади ва жони чиққунича қўйиб юбормайди… Кейин жасадни дастурхонга ўраб, кўчага отланади. Шу кетганича фермер хўжаликларидан биринининг даласига бориб, мурдани кўмади. Уйига қайтиб келиб, марҳумнинг паспортини печкага ташлаб ёқиб юборади. Гўё шу билан жиноят изларини йўқотгандек. Бироқ…

Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Илҳом Рустамовнинг қотиллиги ҳам фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Фурқат САТТАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари