Ижтимoий ҳимoя вa бaндлик

10:08 - 14.08.2020

5

Бозор муносабатлари шароитида муқим иш ўрнига эга бўлиш оила бюджетини мустаҳкамлаш билан бир қаторда аксарият ижтимоий муаммоларнинг бартараф этилишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бухоро вилояти прокуратураси органлари томонидан аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси доимий назорат қилиниб, янги иш ўринлари яратиш ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Таҳлилларга кўра 2020 йил 1 июлгача вилоят аҳолиси 1 млн. 926 минг киши бўлган, шундан 1 млн. 84 минг нафари меҳнат ресурси ҳисобланади, уларнинг 368 минг 39 нафари расмий секторда, 423 минг 218 нафари норасмий секторда ишлайди. Вилоятда 82,3 минг киши ишга жойлашишга муҳтож бўлиб, ишсизлик даражаси 9,4 фоизга тенг.

Аниқланишича, 2020 йилнинг 6 ойида 29 514 киши бандликка кўмаклашувчи марказларга иш сўраб мурожаат қилган, шундан 8658 нафари ишга жойлаштирилган, 1742 нафари ишсиз деб эътироф этилиб, 1013 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган. Мазкур даврда 1767 нафар шахс (765 та аёл) квоталанган иш ўринларига жойлаштирилган.

Меҳнат бозоридаги эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда 757 киши (626 та аёл) касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга юборилган.

Прокуратура органлари кўмагида вилоятда 38 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, уларда 1340 та корхона ва ташкилот 12 629 та бўш иш ўрни билан қатнашган.

Ярмаркаларга 3528 нафар ишсиз фуқаро жалб қилиниб, 897 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма, 2079 нафарига маслаҳат берилган.

Прокурорларнинг ёрдами билан 245 фуқаро ишга жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш бўйича пандемия даврида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун вилоятдаги иш берувчилар томонидан июль ойи учун 6901 нафар фуқарога 5 млрд. 221 млн. сўмлик, шундан жамоат ишлари жамғармасидан 2020 йилда меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг банд­лигини таъминлаш мақсадида 2738 нафар ёшлар учун 1 млрд. 803 млн. сўмлик буюртмалар қабул қилинган.

Шунингдек, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оила аъзолари, шу жумладан ишсизлар saxovat.argos.uz ахборот тизимига киритиб борилиб, уларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали камбағаллар рўйхатидан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Жумладан, 2-сектор ҳудудида 121 882 та оила мавжуд бўлиб, улардан 6993 таси камбағал оилалар рўйхатига киритилган. Уларга 6 млрд. 107 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилган ҳамда прокуратура томонидан 280 та оила оталиққа олиниб, уларга 1 млн. сўмдан пул берилган.

Вилоят прокурори секторида рўйхатдаги ишсизлар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилиб, иш билан таъминланган шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва бу борадаги ҳисоботлар ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида bandlikprokuratura.uz дас­тури яратилиб, амалиётга татбиқ этилган.

Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш давомида уларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида тўланиши ҳам назорат қилинмоқда. Аниқланган камчиликлар бартараф этилаяпти. Масалан, Бухоро  шаҳар «Тўқимачи» МФЙда ўтказилган текширувда 2018 йилнинг июнь ойидан 2019 йилнинг ноябрь ойига қадар фуқароларга асоссиз равишда 18 млн. сўмдан ортиқ нафақа бергани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, МФЙ раиси Х.Ҳамдамовга айб эълон қилинган ҳамда жиноят иши Бухоро шаҳар судига юборилган.

Вобкент туман Хўжаработ қишлоғида яшовчи Ҳ.Ражабованинг нафақа тайинлашни сўраб ёзган аризаси мутахассисларни жалб қилган ҳолда 9 июнда кўриб чиқилиб, прокуратура аралашуви билан 1 июлдан бош­лаб нафақа тайинланган.

Шу каби Ромитан туман Қиётон қиш­лоғида яшовчи Н.Мажидовага «Фарида Фарангиз» МЧЖдан 1 млн. 500 минг сўм ва Қоқиштувон қишлоғида яшовчи Ф.Абулов ва бошқаларга «Ахтам Озод қурилиш» МЧЖдан 6 млн. сўм иш ҳақини олишида ёрдам кўрсатилган.

Биргина вилоят прокуратураси томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида 13 та мурожаат атрофлича ўрганилиб, 111 млн. 108 минг сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг иш ҳақидан қарздорлиги доимий равишда мониторинг қилиниб, қарздорлик юзага келишининг олдини олиш чоралари кўриб борилмоқда.

Дилшод Зарипов,
Бухоро вилояти прокуратураси
бўлим катта прокурори