Ишончли ҳимояни кўзлаб…

10:20 - 14.08.2020

0

Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 май кунги видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тўртинчи ялпи мажлисида 20 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилиб, 8 таси маъқулланган, 2 таси рад қилинган.

Маъқулланган қонунлардан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 14 май куни имзоланди ва расмий эълон қилинган кундан, яъни 15 майдан кучга кирди.

Ушбу қонун билан айрим процессуал ҳаракатларни, яъни ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйишни видео­ёзув орқали қайд этиш шартлиги белгиланди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддасига шу ҳақида ўзгартиш киритилди.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 52-моддаси биринчи қисми янги таҳрирда қабул қилиниб, унда ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги, ҳимоячидан воз кечганлик ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунинг­дек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилиши ёхуд суд мажлиси баёнига ёзиб қўйилиши, видеоёзув материаллари унга илова қилиниши, ҳимоячининг ҳимоясидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмаслиги назарда тутилди.

Бундан ташқари, кодекснинг 217-моддасига ўзгартиш киритилиб, унда суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан процессуал мажбурлов чораларининг қўлланиши ҳақида ва унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаса бошқа қариндошлари ёки яқин кишиларига хабар бериши лозимлиги, шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шартлиги белгиланди. Аввал ушбу ҳаракатлар 24 соатдан кечиктирмасдан амалга оширилар эди.

Мазкур қонун жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш билан бирга, амалиётда юзага келаётган тушунмовчилик ҳамда муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ахрор Халмуминов,

Фарғона ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси