Инсон эркига таҳдид

12:22 - 07.08.2020

0

Одам савдоси бутун дунёни ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Мазкур тоифадаги жиноятларда жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш, чегарадан ўтказиш орқали сотиб юборилади.

Бу иллатга қарши барча давлатлар ҳамкорликда курашиши зарур, акс ҳолда кўрилаётган чоралар етарли самара бермайди. Халқаро таҳлилчиларнинг маълумотига қараганда, ҳар йили ер юзида 4 миллиондан ортиқ катта ёшдаги киши ва 10 миллион бола одам савдоси туфайли қулликка гирифтор бўлмоқда. Бугунги кунда одам савдоси орқали топилаётган даромад ноқонуний қурол-яроғ ва олмос савдосининг даромадига тенглашган бўлиб, ҳар йили одамфурушлар 32 млрд. АҚШ доллари миқдорида пул топади. Ташвишланарлиси, сотилаётганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир.

Бу жиноятга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, бу борада мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Ўзбекистон кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган. БМТнинг 1950 йилда қабул қилинган «Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида»ги конвенцияси, 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги конвенцияси шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 26-моддада эса ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда 2008 йил 17 апрель куни «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда 2008 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши, унга асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши ушбу жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширди. Бизнинг фикримизча, одам савдосига қарши курашишда аҳолига бу иллатнинг мудҳиш оқибатини тушунтириш ғоятда муҳим. Шунингдек, ташқи меҳнат миграциясини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, чет элда ишламоқчи бўлган фуқароларни ёллаш юзасидан халқаро шартномалар тузиш, уларнинг иш жойига омон-эсон етиб боришини таъминлаш учун қулай шароит яратиш чораларини кўриб бориш зарур.

 Шуҳрат Хикматов,

Пешку тумани прокурори