Бypч вa мacъyлият

12:41 - 07.08.2020

0

Куннинг иккинчи ярми. Бош шифокорнинг ҳисоботини олиш учун
тиббиёт марказига бордим. Маълумотни олиб кетарканман, шамол эсиб, тинимсиз ёға бошлаган ёмғирдан ўзимни панага олдим.

Шифохона залида туриб зимдан кузатарканман, атроф озода, санитария-гигиена талаблари асосида, карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда иш фаолияти йўлга қўйилган. Қўли қўлига тегмай ҳаракат қилаётган шифокорларнинг меҳнати туфайли коронавирус пандемияси билан оғриган жуда кўп юртдошларимиз шифо топмоқда. Баракат топишсин, жонкуяр шифокорларимизнинг тунни тонгга улаб меҳнат қилишмоқда. Аммо…

Иккинчи қаватдан келаётган овозлар хаёлимни бўлди. Кимдир йиғлар, яна биров эса тинимсиз бақирарди. Бехосдан нимадир тушиб кетиб, синди шекилли овоз янада баландроқ жаранглади.

Қизиқишим устун келиб юқори қаватга чиқдим. Эшигига навбатчи шифокор деб ёзиб қўйилган хона бурчагида ёшгина қиз тинмай йиғларди. Ёши каттароқ шифокор эса уни бошида туриб алланималар деб бақирарди. Тўғриси, шу ерда бўлсамда, хонадаги тартибсизликлар туфайли аёлнинг сўзларини умуман эшитмадим. Атрофни ўраб олган 5-6 шифокор қўлини бигиз қилиб олган аёлни тинчлантириш, уни бошқа хонага олиб кетиш ўрнига, йиғлашдан бошқа ҳеч нарса қилолмаётган қизга дўқ уришарди. Гўёки, улар уйига бостириб кириб келган босқинчини қўлга олгандек ҳаракатланишарди. Тўғриси, ҳозиргидек, айниқса, давлат ишхонасида бўлаётган вазиятга биринчи марта дуч келишим. Қанча вақт ўтди билмайман, ҳамон “пиқ-пиқ” йиғлаётган, кўзлари йиғидан қизарган ҳамшира билан ёлғиз ўзим қолиб кетибман. Гарчи уни танимасамда вазиятни юмшатишга ҳаракат қилдим.

– Опа хафа бўлманг. Раҳбарингизни бироз жаҳли чиқибдида. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Кўрмагандек бўлиб кетасиз.

– Жонимдан тўйдириб юборди ўзи. Вазифам юзасидан иккита беморга тўғри маслаҳат берганим, дардига дармон топ­ганим учун бунчалик бўлишимни билмагандим. Қачон қарама, “беморни айтганини қилма, унга бироз бўш келсанг бошингга чиқиб олади. Уларни ҳаддини ошишига сабаб бўладиган ҳаракатларни қилма” деб койигани-койиган. Нима қилишим керак ҳайронман. Кўп эмас, оз эмас, етти йил беморларнинг дардига малҳам топиш учун таҳсил олганман ахир. Қўлимдан келадиган ишни, беморларга берадиган амалий ёрдамимни нега улардан аяшим керак.

Ҳамсуҳбатимнинг гапи оғзида қолди. Бояги шифокор менга ҳам аҳамият бермасдан “Бугун ҳам сен навбатчисан. Тонгача турасан. Текинга ишлашга ўрганиб қолгансанку. Менга эса ойлик керак. Қачон бир аклат рағбат ёзиб беришса, ўшанда навбатчиликка тураман. Унгача эса сен навбатчилик қиласан”, дея қўлидаги рўмолчани суҳбатдошимнинг юзига отганча, дадил қадамлар билан биздан узоқлашди.

– Ана кўрдингизми?! Бу аёлни танглайини пул билан кўтаришган. Ҳозирги синовли кунларда ҳамма шифокорларга ишониб, суяниб турган бир вақтда олий тоифали шифокорнинг муносабати бу. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари бўйича тиббиёт бирлашмамизда навбатчилик ташкил қилинган. Жадвал асосида бир ойда икки мартагина навбатчиликка туришимиз талаб этилади. Бечора оддий ҳамширалар вазифасига сидқидилдан ёндашиб, айтилган вақтгача туришади. Аммо, кўриб гувоҳи бўлганингиздек, олий маълумотли шифокорларимиз икки кунлик навбатчилиги учун давлатдан рағбат талаб қилади. Рағбат беришмаса, навбатчиликка ҳам келишмайди. Керак бўлса иш вақти якунланмасдан сериал кўришга кетадиганлари ҳам бор. Баъзида сафимизда ўқувсиз, фақатгина ойлик маоши олиш ва вақт ўтиши учун хизмат қилаётган ҳамкасбларимни кўрсам, шу соҳани танлаганимга пушаймон бўлиб кетаман. Ҳозир, эл бошига иш тушган бир вақтда виждонан ишламасак, қачон ишлаймиз. Пул, бойлик, таниш-билиш фойда бермайдиган жойлар кўпку. Шифокор бемор билан ёлғиз қолганда ўрганган билимидан бошқа ҳеч нарса, ҳеч ким унга ёрдам беролмайди.

Мамлакатимизда шифокорлар ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати билан жасорат кўрсатаётган бир вақтда бизнинг шифокорларимиз ижтимой кўмакка муҳтож оила вакиллари учун ишлатилиши керак бўлган дори-дармонларни дорихоналарда сотиш, рағбат берилмаса навбатчиликка турмасдан, уйига бориб сериал кўриш билан банд. Дардига шифо истаб келган беморни даволашни қўйинг, оддий маслаҳатини, вазифаси юзасидан берган тавсиясини ҳам пулга чақади. Ишонмасангиз боринг, ҳозир бориб қабулига киринг. Гапларимга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Алланималарни ёзиб ўтирган аёл мени танимади. Юзимдан тиббий ниқобни олиб, бироз бошим оғриётганидан шикоят қилдим. Во, ажаб. Шифокор пинагини ҳам бузмади. Ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ бир энлик қоғозга қаторасига дориларни ёзиб, қўлимга тутқазди.

Тўғриси, кўрганимга ва эшитганимга ўзимнингда ишонгим келмасди. Қани шифокорнинг касбига бўлган масъулияти, вазифасига бўлган меҳри. Улар зиммаларидаги масъулият, вазифа ва меҳрни беморнинг қўлига қарашга алмаштиришган бўлса. Наҳотки, эгнидаги оқ халат билан беморларни даволаш, уларга яқиндан кўмак бериш мақсадида ичган қасамини унутган бўлса.  Айни вақтда ўз жонини хатарга қўйиб, беморнинг соғлиги учун жон куйдириб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган шифокорлар орасида “курмак” ҳам бор эканда. Халқимиз синовли кунларни бошдан кечираётган бир вақтда инсон тақдири билан боғлиқ ўта масъулиятли ва шарафли касб эгаси бўлган шифокорларни рағбат пули талаб қилиши, сериал кўриш ёки кишилар ҳақида нохуш ахборотларни тарқатиш учун вақтини сарфлаётган қайси мезон талабларига тўғри келади.

Узоққа бормайлик, яқинда ижтимоий тармоқда вазифасига кирмаслигини била туриб икки нафар шифокор Сурхондарё вилоят ҳокимининг саломатлиги ҳақида ёлғон ахборот тарқатгани учун жазоланганидан хабарингиз бўлса керак. Тўғри, сўз эркинлиги конституциявий кафолатланган. Аммо бу бошқаларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш дегани эмас.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 26 март куни мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича халқимизга йўллаган мурожаатида ҳам шифокорларнинг бугунги кундаги масъулияти юзасидан тўхталиб, жумладан, шундай деганди: “Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди”.

Мана шундай ишончга айрим шифокорларимиз сериал томоша қилиш, ёлғон ахборот тарқатиш ва рағбат пули берилмаса навбатчиликка турмаслик билан жавоб бериши инсофданми?! Наҳотки улар халқимиз ишончини шундай оқлашса…

Нигина ШОЕВА,

журналист