Бapчacи бaxтли ҳaëт учун

12:15 - 07.08.2020

0

Йигирманчи асрнинг ўрталарига келиб, қишлоқ хўжалигида Амударё ва Сирдарё сувининг ҳаддан зиёд ишлатилиши оқибатида Орол денгизига тушадиган сув миқдори 10-15 баробар камайиб кетди. Ушбу глобал муаммони бартараф этиш мақсадида дунё ҳамжамияти томонидан қатор ишлар қилинди.

Аммо бу кутилган натижани бермади ва денгиз бўйида яшовчи аҳоли жуда қийин экологик вазиятни бошидан кечиришга мажбур бўлди. Аҳоли ўртасида ҳар хил касалликлар кўпайди.

Мана шу муаммоларга барҳам бериш учун 2017 йил 18 январда давлатимиз раҳбарининг «2017 – 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар бажарилиши туфайли Мўйноқ тумани аҳолиси тоза сув билан таъминланди.

Ҳукуматнинг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарорига кўра ҳудудда қарийб 1,5 трлн. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланди.

Мана шу ишларнинг давоми сифатида 2019 йил 15 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Орол денгизи тубида суви қуриган ҳудудларда “Яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва 461 минг гектар ерда тўқайзорлар барпо этилди. 2019 йилнинг кузи ва 2020 йилнинг баҳорида эса 706 минг 401 гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан 83 минг 227 гектарлик 124 та кўл танлов асосида балиқчилик хўжаликларига ижарага берилди. Таъкидлаш лозимки, ҳудудда ўтган йили 15 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилиб, ушбу режа 102 фоиз бажарилди. 2020 йилнинг 1 июлигача 3 829 тонна балиқ овланган.

Туманда балиқ етиштирилиши ҳақида гап кетганда «Мўйноқ аква саноат» ДУК балиқни қайта ишлаш ва консервалашга ихтисослашган 26,2 млрд. сўмлик корхонани ишга туширганини айтиш жоиз. Корхона ишга тушиши билан унда 3 650 тонна балиқ қайта ишланиб, 9 млн. дона консерва, 780 тонна қийма, 400 тонна лаҳм гўшт тайёрланган.

Бундан ташқари, «Қорақалпоқбалиқсаноат» МЧЖ йилига 200 тонна балиқ етиштиради, 5 минг тонна омихта ем ишлаб чиқаради. Корхона 4,5 тонна балиқни қайта ишлаш цехи ҳамда 1000 тонналик музлаткичли камерани ишга туширди.

Албатта, йиллар давомида қуруқ гап ва ваъдаларга ишониб яшаган, лекин шароити жуда ачинарли аҳволга келиб қолган ҳудуд аҳолиси бугун Мўйноқда қилинаётган ишлардан жуда мамнун. Бугунги синовли кунларда ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда.

Рахат ЖАББАРБЕРГЕНОВ,

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокурори