Ҳамжиҳат халқ енгилмас

12:12 - 07.08.2020

0

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун кенг камровли чора-тадбирлар белгиланди. Фуқароларнинг карантин чекловларига, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этиши инфекция тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан белгиланган чора-тадбирлар ижроси алоҳида назоратга олинган.

Карантин шароитида аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармонга эҳтиёжини қондириш, нархлар асоссиз равишда оширилишининг олдини олиш чоралари кўрилаяпти. Озиқ-овқат ва дори-дармон нархини оширган 156 шахс, карантин талабига амал қилмаган 65 082 шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 7 та жиноят иши қўзғатилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан вилоят санитария-­эпидемиология осойишталик марказига ажратилган 31 млрд. сўм пулнинг тўғри сарфланиши ўрганиб борилмоқда. Ушбу жараёнда ортиқча сарфланган 462 млн. сўм пул қайтарилиб, тиббий буюмлар сотиб олиниши таъминланди. Фуқароларни коронавирусдан ҳимоя қилиш ва даволаш учун 21 турдаги дориларнинг 10 млрд. сўмлик захираси яратилди.

Фуқаролар «тез ёрдам»га 103 рақами орқали мурожаат этганида бандлик бўлмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилди. Барча «тез ёрдам» бўлимлари раҳбарлари ҳар бир қўнғироқ асосида чақириқ жойига белгиланган муддатда етиб боришини таъминлаш ва қонун бузилишига йўл қўймаслик борасида огоҳлантирилди. Шу билан бирга, «тез ёрдам» станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари қатъий назоратга олинди. 20 та янги транспорт олиб келинди, «тез ёрдам» бўлимлари биноларининг 7 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ташкил қилинди. Фарғона шаҳридаги иккита ва Фурқат туманидаги битта тез тиббий ёрдам подстанцияси таъмирланди. Бундан ташқари, «тез ёрдам» автомобиллари радиоалоқа билан тўлиқ таъминланиши учун 1 млрд. 300 млн. сўм пул ажратилди.

Карантин даврида ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманлардаги мулоқотларда ёшларнинг 6728 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш, 7215 нафари эса ҳунар ўрганиш истагини билдирди. Учрашувларда ёшларнинг 478 нафари ишга жойлаштирилди, 235 тасига 3 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит берилди, 120 нафари дори-дармон билан таъминланди, 503 тасининг бошқа муаммолари ҳал этилди. Хусусан, вилоят прокуратурасининг ёрдами билан Ёзёвон туманида 25 гектар ерда 25 кишининг бандлигини таъминлаш учун балиқ етиштириладиган кўл ташкил қилинди. Шунингдек, 30 гектар ерда полизчилик кооперацияси тузилиб, 60 киши иш билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари Фарғонага келганида мактаб битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида топшириқ берган. Шу боис вилоят прокуратураси томонидан битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига, яъни коллеж, техникум ва университетларга жалб этиш, ўқишга кириш истагини билдирмаган ёки кира олмаганларнинг бандлигини таъминлаш ҳисобини юритиш учун «Битирувчи» электрон дастури ишлаб чиқилди. Дастурга вилоятдаги барча мактаб битирувчилари ҳақидаги маълумотлар киритиб борилади. Ке­йинчалик мониторинг натижасидан келиб чиқиб, битирувчиларнинг ишсиз қолган қисми билан алоҳида шуғулланилади.

Мониторингга барча мактаблар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамда ички ишлар органлари, шунингдек сектор раҳбарлари жалб қилинди. Ҳозир вилоят прокуратураси томонидан мактабларни 2019/2020-ўқув йилида битирган 47553 нафар ўқувчи ҳақидаги маълумотлар дас­турга киритилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чораси кўрилмоқда.

Эҳтиёжманд оилалар ҳам қўллаб-қувватланаяпти. Асосий эътибор уларга доимий даромад манбасини яратиб бериш орқали камбағал оила тоифасидан чиқаришга қаратилмоқда. Прокурорлар секторидаги 9299 та эҳтиёжманд оиладан 4589 таси халқ депутатлари кенгашларининг сессияларида кўриб чиқилиб ушбу тоифадан чиқарилди. 7344 кишининг бандлиги таъминланди.

Камбағал оилаларга «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 13 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 2 млрд. 400  млн. сўмлик озиқ-овқат тарқатилди, пластик карталарига 434 млн. 200 минг сўм ўтказиб берилди, 258 та оиланинг 19 млн. 400 минг сўмлик қарзи тўлаб берилди. Бундан ташқари 458 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди ҳамда 700 дан зиёд хонадонга боқиб, кўпайтириб даромад олиши учун қорамол, қўй, товуқ ва асалари уяси тарқатилди.

Вилоят фермерлари бу йил ҳам ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Дон етказиб бериш режаси бажарилди. 2-сектор раҳбарларининг ташаббуси билан ғалладан бўшаган 397 гектар ер 1258 та камбағал оилага такрорий экин экиб фойдаланиш учун бир сўм қийматда ижарага берилди.

Ишсизликни бартараф этишнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. 11 та ҳолатда тадбиркорларнинг фаолияти ноқонуний текширилгани аниқланиб, айбдорларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони талабига зид равишда солиқ органлари томонидан 1109 та микрофирма ва кичик корхонадан ундиришга қаратилган 3 млрд. 700 млн. сўмлик инкассо топшириғи қайтариб олинмаган. Ушбу қонунбузилиши бартараф этилиб, 9 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.

Айни пайтда ишини тўхтатган тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали фаолиятини тиклаш чораси кўрилаяпти. Коронавириус пандемияси оқибатида вилоятда 15 137 та юридик шахс ва тадбиркор ишини тўхтатган. Назорат тадбирлари давомида 11 902 тасининг фаолияти тикланиб, 47 987 та иш ўрни сақлаб қолинди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг 3457 тасига ваколатли ташкилотлардан рухсатнома олишда, 4245 тасига маҳсулотини реализация қилишда, 1457 тасига кредит олишда, 1687 тасига имтиёз қўлланиши ва 1056 тасига бошқа масалада ёрдам кўрсатилди. Ҳозир қолган юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Ўтган даврда иккита ҳолатда ортиқча ҳисобланган 43 млн. 500 минг сўм солиқни ундириш хусусида судларга даъво аризаси киритилди. Назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилишларга нисбатан 15 та тақдимнома киритилди, 27 нафари интизомий, 21 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 486 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан «Telegram»  ижтимоий тармоғида «Тадбиркорга кўмак» расмий ахборот канали ишга туширилди. Бугунга қадар 300 га яқин тадбиркорнинг мурожаати онлайн режимда қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди.

Шунингдек, «Telegram»да «Xalqaro huquqiy masalalar boyicha ko‘mak» канали ишга туширилди. Бундан ташқари, фуқароларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ мурожаатларини қабул қилиш мақсадида «a passport nazoratibot» тизими яратилди. Ҳозирга қадар ушбу ботга 31 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 27 таси бўйича тушунтириш берилди, 3 та мурожаат муаллифининг талаби қаноатлантирилди. Хусусан, фуқаролиги йўқ Сардорбек Арзиевнинг мурожааати ўрганилиб, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан унга фуқаролик паспорти олиб берилди.

Вилоят прокуратураси томонидан ИИБ пробация ҳисобида турган маҳкумларни самарали назорат қилиш учун «Маҳкумларни электрон назорат қилиш механизми» дастури ишга туширилиб, пробация ҳисобида турган 7386 та маҳкумнинг рўйхати тузилди. Дастур ишга туширилиши натижасида ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниб, ишга жойлаштирилмаган 16 нафарининг бандлиги ҳамда 32 нафарини муддатидан аввал шартли равишда озод қилиш ҳақида судларга тақдимнома киритилиши таъминланган. Шу билан бирга, дастур асосида озодлиги чекланган ва шартли ҳукм қилинганлар суд ҳукмида белгиланган талабларга риоя қилиши тўлиқ назорат қилиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаатида «Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда» дея таъкидлади. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин даврида энг асосий вазифамиз ўзни асраш қоидаларига амал қилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни қонуний ҳал этиб бориш, қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер хўжаликлари, тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, саноат корхоналари маромида ишлашини таъминлашдан иборатдир.

Улуғбек Қосимов,

Фарғона вилояти прокурори