Aмaл тeгиб…

12:27 - 07.08.2020

0

Гулнора (исмлар ўзгартирилган) 2018 йилнинг сўнгги ойидан Пастдарғом тумани мактабгача таълим бўлими мудири лавозимида ишлай бошлади. Энди у мансабдор, хизмат вазифаларига кўра моддий жавобгар киши. Қўлидагилар унга бўйсунади, фақат уларни қандай «авраш» ўзига боғлиқ.

Аёл буни яхши уддалади. Муассаса ходимларига ойлик иш ҳақи ва бошқа маблағларни ҳисоблашни назорат қилиш, тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузиш каби ваколатларидан ўз манфаати йўлида фойдаланди. 2018 йил май ойида 8 нафар ходимга турли буйруқларга асосан ҳайфсан берилган. Шундай бўлса-да, уларга маълум миқдорда рағбатлантириш ва ёрдам пули бериш ҳақида сохта буйруқ чиқаришган. Расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 7 млн. 931 минг 538 сўм пулни талон-торож қилган.

Гулнора бу билан чекланмади, аксинча, иштаҳаси янада очилди. Бош ҳисобчи ва ҳисобчи билан гапни битта қилди. Амалдаги талабларга зид равишда 56-МТМ тарбиячи ёрдамчиси С.Муҳаммадиевага 4 млн. 373 минг 610 сўм, Д.Қўйбоқаровага 3 млн. 855 минг 553 сўм, 27-МТМ ходими В.Йўлдошевага 286 минг 754 сўм туғруқ таътили пулини сохта ҳужжатлар билан расмийлаштириб, жами 8 млн. 515 минг 917 сўм маблағни ўзлаштирди.

Бундан ташқари, туман МТБга кадрлар бўйича мутахассис сифатида 2017 йил декабрь ойида ишга қабул қилинган Дилнура аслида тумандаги педагогика ва спорт коллежида кадрлар бўйича мутахассис ҳамда ўқитувчи вазифасида 2017 йил декабрь ойидан 2019 йил июнь ойига қадар буйруқ асосида ишлаб келган. Гулнора бундан фойдаланди. Туман МТБда фақат номи ишлайдиган Дилнурага 2019 йил январь-май ойларида 5 млн. 485 минг 403 сўм иш ҳақи ёздириб, ўз эҳтиёжига сарфлаган.

Икки жойда «ишлайдиган» Дилнура ҳам бўш ўтирмади. Халқ таълими бўлимининг собиқ мудири, ҳисобчилар ва Гулнора билан тил бириктириб, интизомий жазога тортилган бир нечта ходим номига рағбатлантириш пули ёздириб, бюджетдан  12 млн. 451 минг 118 сўм пулни ундиришга эришди.

Бундан ташқари, ҳамтовоқлари билан келишган ҳолда Дилнура ўзи ва 6 нафар ходимга иш ҳақи ёзилишига эришиб, 31 млн. 701 минг 304 сўм пулни талон-торож қилган.

Суд мажлисида судланувчилар ўзларини оқлашга уриниб, ходимларга ҳайфсан берилгани, аммо ушбу интизомий жазо туман МТБ мудири ҳамда касаба уюшмасининг буйруғига асосан муддатидан олдин олиб ташлангани, ҳозирги кунда эса ушбу буйруқ йўқолганини баён қилишди. Дилнура ва яна 6 ходим туман МТБга 1 штат бирлигига қабул қилингани, МТБ биноси бўлмагани сабабли у ва бошқа ходимлар ўзлари ишлаган жойда ишлаб тургани ҳақида кўрсатма берди.

Судланувчиларнинг айби судда фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топди. Уларга 1 йил муддатга барча корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ҳар ойлик иш ҳақидан
20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 Баҳодир ДЖАББОРОВ,

Пастдарғом тумани прокурорининг ўринбосари