Тадбиркорлик фаолияти – давлат ҳимоясида

13:00 - 23.07.2020

51

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, солиқ тизими, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди.

Аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, турмушини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантиришда ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам аҳолини тадбиркорликка кенгроқ жалб этишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш чоралари белгилаб берилган. Мазкур фармонга кўра Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман ва шаҳарларда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди. Энди тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестициясини жалб этишга тўсқинлик қилаётган муаммолар бартараф этилиб, тизимли муаммоларни мониторинг қилиш ҳамда бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаб борилади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 8 июнь куни давлат раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган ишларнинг тури кўпайтирилди. Умуман олганда, мазкур қарор ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишбилармон фуқароларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

2020 йилда жаҳон миқёсида «Covid-19» инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Айни кунларда бутун дунё, хусусан, мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемияси сабаб халқимиз синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Ҳукумат муҳтожларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётган бўлса, прокуратура органлари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чорасини кўрмоқда.

2020 йилнинг 6 ойи давомида прокуратура органларига 1007 қисқа рақамли ишонч телефони орқали тадбиркорлардан 2 614 та мурожаат келиб тушган.

Тадбиркорлар асосан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ноқонуний қарорларидан норози. Ана шундай қарорларга нисбатан муносабат билдирилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланаяпти.

Бош прокуратурага тадбиркорлардан келиб тушаётган миннатдорчилик мактубларини меҳнатимиз самараси десак бўлади. Мисол учун, тадбиркор К.Каримов «Navbahor agro omad» фермер хўжалиги раҳбари сифатида бир неча йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга экспорт қилиб, барқарор даромад манбаига эга иш ўринларини яратишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётганини маълум қилган. Аммо 2020 йилнинг 31 май куни корхонанинг 23 700 долларлик 19 тонна ўрик ортилган автомашинаси Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида ноқонуний равишда ушлаб қолиниб, Қирғизистон ва Қозоғистон орқали Россияга чиқишига рухсат берилмаган. Тадбиркор мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти прокуратураси орқали Бош прокуратурага мурожаат қилганидан сўнг ушбу масала ўз ечимини топиб, шу куннинг ўзида маҳсулот экспортга йўналтирилган.

Яна бир тадбиркор И.Тожибоев ўзи раҳбарлик қилаётган «Uz-Segang» МЧЖ 2019 йилдан буён Фарғона шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишда муаммоларга дуч келаётганини баён этган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, март ойида Республика экспортга кўмаклашиш штабининг Фарғона вилоятидаги ташрифи давомида прокуратура ходимлари унинг корхонасига келиб, умумий қиймати 1,28 млн. евро бўлган гилос калибровкаси ва қадоқлаш ускуналарига мувофиқлик сертификати олиш ҳамда ортиқча тўланган 376 млн. сўм қўшимча қиймат солиғини қайтаришга оид муаммосини ўрганиб чиққан.

Натижада тадбиркорнинг мувофиқлик сертификати олишдаги муаммоси ҳал этилиб, ортиқча тўланган 376 млн. сўм солиқни ДСҚ ва Молия вазирлиги орқали қайтариш масаласи назоратга олингани маълум қилинган.

Бу каби мактублар тадбиркорларнинг турли муаммоларига ечим топилаётганидан дарак беради. Энг муҳими, прокуратура органлари зиммасига юкланган вазифаларни бажариш орқали тадбиркорларнинг, халқимизнинг ишончини қозонмоқда.

Эшмурод ЖЎРАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи