Коррупцияга қарши курашишда ички назорат тизими

13:10 - 23.07.2020

151

Ўзбекистонда инсон қадр-қимматини ошириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилга амал қилинаяпти.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида унинг оқибатини эмас, балки сабабларини бартараф этиш бўйича халқаро тажрибада кенг қўлланиб келаётган профилактик чораларни амалиётга татбиқ этишга эҳтиёж бор. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизимини (compliance control) босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларидан бири ўз таркибида ички назорат тизимини ташкил этиш ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашишнинг комплаенс назорат тизими – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупция­га қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хатари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, қонун бузилиши ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир. Бундай тизим илк бор АҚШда 1906 йилда вужудга келди. Бу фаолияти жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган компания ва корпорацияларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ.

«Baker and McKenzie» халқаро юридик фирмасининг 2019 йилги маълумотига кўра бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда коррупцияга қарши ички назорат тизими жорий этилган.

Давлатимиз қонунчилигига комплаенс назорат тушунчасининг кириб келиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан боғлиқ. Ушбу фармон асосида 2019 йилдан бошлаб БМТ тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга карши курашиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган, фаолияти хорижий бозор билан интеграциялашган субъектларда тажриба сифатида ички назорат тизимини жорий этиш бўйича «White and Case» (АҚШ), KPMG (Италия) халқаро аудиторлик компаниялари иштирокида халқаро тендер ўтказилди.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимлиги, Мирзо Улуғбек ва Бўка тумани ҳокимлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятларида лойиҳани амалга ошириш жараёни кетмоқда.

Шунингдек, 2020 йил 15 мартда Бош прокуратура ташаббуси билан Ички ишлар, Транспорт, Мактабгача таълим, Энергетика, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу соҳаларда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида босқичма-босқич ички назорат тизими жорий этишга келишилди.

Айтиш лозимки, мазкур тизим коррупция хатарини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйишга хизмат қилади.

Каримжон Мусашайхов,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Сардоржон Маманов,

Бош прокуратура академияси магистри