Дapддaн мaнфaaт тoпгaнлap

12:54 - 23.07.2020

1

Жаҳон cоғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия пайтида ривожланаётган мамлакатларда қалбаки дорилар тарқалиши кўпайиб бораётганини маълум қилди. Сохта дориларни истеъмол қилиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Шуни эътиборга олган ҳолда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан рейдлар ўтказилди. Уларда ҳозир талаб кескин ортган «Эргоферон» ва «Арбидол» дориларининг ноқонуний савдоси аниқланди.

Хусусан, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Яккасарой тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда фуқаро С.Х. чет элда ишлаб чиқарилган ва қўлбола усулда қадоқланган «Арбидол» дорисининг ҳар донасини 35 минг сўмдан ҳисоблаб, 600 АҚШ доллари ва 880 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Фуқаро М.Ж. ҳам шундай дорининг ҳар донасини 23 минг 500 сўмдан ҳисоблаб, 340 донасини 7 млн. 990 минг сўмга сотганда қўлга олинди.

Бу каби ҳолатга Яшнобод туманида ҳам чек қўйилди. Фуқаро С.А. «Арбидол» дорисининг ҳар бир қутисини 550 минг сўмдан ҳисоблаб сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Департаментнинг Олмазор тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда эса фуқаролар Б.Й. ва К.И. тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган 200 қути «Арбидол» дорисининг ҳар қутисини 32 доллардан ҳисоблаб, 2000 доллар ва 44 млн. 750 минг сўмга сотган пайтида холислар иштирокида қўлга олинди.

Бундан ташқари, айрим дорихоналарда талаб юқори бўлаётган дорилар қиммат нархда улгуржи сотиб юборилаётгани ҳолатларига чек қўйилмоқда. Жумладан, Қатортол кўчасидаги дорихонанинг норасмий сотувчиси И.М. 56 қути «Эргоферон» дорисини 5 млн. 320 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Дорихонада хорижда ишлаб чиқарилган 1 120 та «Эргоферон» дориси масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча олиб қўйилди.

Ҳозир мазкур ҳолатлар бўйича суриштирув олиб борилмоқда.

Аниқланишича, «Эргоферон» дориси одатда 25-32 минг сўмга сотилган. Ҳозирги нархи 120 минг сўмгача бормоқда. Қутиси 45 минг сўмдан сотилган «Арбидол» эса 400-600 минг сўмдан пулланмоқда.

Ҳозир дорихоналардан топиш амримаҳол бўлиб қолган ушбу дорилар баъзи учарларнинг қўлида 100-200 қутилаб жамланиб, ноқонуний сотилаяпти. Суриштирув жараёнида бу дориларни мамлакатга олиб кираётган корхоналар билан маълумот алмашиб, уларнинг кимга ва қай тарзда берилаётгани аниқлаштирилмоқда.

Инсон учун энг муҳими – саломатлик. Аммо жонингиз дарддан азоб чекканда малҳам излайсизу, қаршингизда турган инсон малҳам деб қўлингизга оғу тутқазса, бундан ёмони йўқ. Шу боис бугун истеъмолчи сифатида ҳар биримиз ҳушёрликни оширишимиз лозим. Дориларни дуч келган жойдан сотиб олмаслик керак. Қаерда ноқонуний дори савдосига гувоҳ бўлсангиз, дарҳол тегишли жойга хабар беришни унутманг. Шундай қилсак, ҳам ўзимизнинг, ҳам яқинларимизнинг соғлиғини сақлаган бўламиз.

Ўткиржон Қобилов,

департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи