Taдбиpкopлик pивoжлaнca, кaмбaғaллик қиcқapaди

14:10 - 16.07.2020

9

Дунёдаги вазиятга мос равишда сўнгги кунларда юртимизда ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ аҳвол мураккаблашмоқда. Айниқса, карантин чораларининг муддати узайиб бораётгани аҳоли, жумладан, эҳтиёжманд оилаларни қийин аҳволга солиб қўйиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу боис бугунги кунда бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вакилларини ишга жойлаштириш, шу йўл билан уларда тирикчилик манбаи ҳосил бўлишига имконият яратиб беришни жадаллаштириш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Бу борада прокурорлар сектори масъулларига нисбатан талаб икки ҳисса кучайтирилиши алоҳида аҳамият касб этади.

2020 йилнинг 9 июль куни Бош прокуратурада ҳудудий прокуратура органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган селектор йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 8 июль куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳамда эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлашга бағишланди.

Таъкидланишича, кўп бора танқид қилинганига қарамасдан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида секторлар фаолиятида айрим жиддий камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, айрим секторларда эҳтиёжманд оилалар аъзоларини барқарор ва истиқболли иш ўринларига жойлаштиришга етарли эътибор берилмаётгани кескин танқид қилинди.

Шунингдек, айрим ҳудудларда иқтисодий комплекс йўналишидаги, яъни оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва жамоат ишларига ҳамда инвестиция, агросаноат, қурилиш лойиҳалари асосида иш ўринларига эҳтиёжманд оилалар аъзоларини жалб этиш, бўш турган давлат объектларидан фойдаланиш бўйича ишлар суст йўлга қўйилганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Аҳолини ҳунармандликка жалб этиш борасида Сурхондарё ҳамда такрорий экин экиш учун ер ажратиш борасида Андижон вилоятининг ижобий тажрибалари алоҳида эътироф этилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда барча прокурорлардан секторлар ҳудудида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада аҳоли тўлиқ тасаввурга эга бўлиши учун тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, секторлар штабларида ахборот марказлари ташкил этган ҳолда маълумот киритиш жараёнини қатъий назоратга олиш талаб этилди.

Шу билан бирга, секторларда ишсизларни касбга ўргатиш, ёшларни устоз-шогирд тамойили асосида устозларга бириктириш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланиб, бу борада ҳар бир масъул ходимнинг шахсий жавобгарлиги масаласи белгиланди.

Йиғилишда секторлар раҳбарлари олдига эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида йўл қўйилаётган хатоларни тез бартараф этишга қаратилган аниқ вазифалар қў­йилди.

Шунингдек, секторлар раҳбарлари ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, аҳоли орасида инфекция кенг тарқалишига йўл қўймасликка ҳам масъул эканлиги алоҳида қайд этилди.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими