Mуҳтoжлap ëлғизлaтиб қўйилмaйди

14:20 - 16.07.2020

3

Кузатувларимиздан маълумки, юртимизда аксарият оилалар кунлик эҳтиёжи учунгина пул топиб ёки хорижга бориб ишлаш орқали рўзғор тебратган. Айни чоғда шундай оилаларда ҳаёт бироз қийин кечмоқда. Машаққатлар барчамизни бирдам бўлишга ўргатаяпти.

Шуни қайд этиш ўринлики, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолининг турмушини яхшилаш борасидаги ишларда прокуратура органларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида бу ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни тарғиб қилиш, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш устувор масала сифатида кун тартибига чиқди.

Юқорида қайд этилган фармон ижроси доирасида Поп тумани прокуратураси, ҳокимлиги, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида алоҳида чора-тадбирлар белгиланди.

Попда 2180 та (шундан 2-секторда 645 та) оиланинг 2469 нафар аъзоси камбағал ва карантин вақтида вақтинча ишсиз қолган фуқаро сифатида рўйхатга олинган.

Мазкур оилаларга ёрдам бериш мақсадида туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Хусусан, 2-сектордаги 645 та оиланинг 32 тасига иссиқхона қуриб бериш, 19 тасига ер бериш, 107 тасини кооперативга аъзо қилиш, 6 тасига парранда, 6 тасига қорамол, 7 тасига қўй ва эчки бериш, 7 тасига асалари уяси олиб бериш, 150 тасини пахта ва ғалла парвариши учун пудратчи сифатида ишга олиш, 79 тасига томорқасидан икки-уч марта ҳосил олишга ўқитиш, 29 тасини қурилиш ташкилотларига, 26 тасини квоталанган иш ўринларига, 139 тасини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштириш орқали бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Ўтган давр мобайнида 645 та оилага 301 млн. сўмлик озиқ-овқат ва 125 млн. сўм нақд пул берилиши таъминланди. Бундан ташқари, 150 киши доимий ва 102 киши мавсумий ишга жалб этилди. 33 та оиланинг 3,8 млн. сўмлик қарзи тўлаб берилди.

Мисол учун, Учуйли маҳалласида яшовчи Тоҳир Йўлдошев «Поп барака бозори» МЧЖга қоровул, Соҳиба Сиддиқова ва Венера Эргашева сотувчи, «Тепақўрғон» МФЙда яшовчи Адолат Имомқулова, «Ғурумсарой» МФЙда яшовчи Сайёра Аҳмаджонова, «Янгиер» МФЙда яшовчи Абдувоҳид Мансуров, «Уйғур» МФЙда яшовчи Шоҳсанам Нодирова «Наманган дори-дармон» АЖга қарашли дорихоналарга ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, 2 та оилага 1,1 млн. сўмлик дори-дармон етказилди, 16 оилага 95 млн. сўмлик иссиқхона қуриб берилди, 7 та оилага 17,5 млн. сўмлик 2 қутидан асалари уяси, 7 та оилага 46,5 млн. сўмлик болали сигир, 7 та оилага 13,6 млн. сўмлик 15 та қўй, 15 та оилага 18 млн. сўмлик 450 та товуқ етказиб берилди.

Камбағал оилаларни иш билан таъминлаш мақсадида бир неча йиллардан буён фойдаланилмай келаётган ерлар ўзлаштирилиб, иккита кооператив ташкил қилинди. Унга аъзо бўлган 150 та оилага 20 сотихдан ер ажратиш бў­йича ҳужжатлар расмийлаштирилди. 2020 йил 2 июнь куни 50 тасига ер ажратилиб, меҳнат бўлими томонидан сертификатлар топширилди. Кейинги босқичда эса яна 100 та оила ерли бўлди.

«Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракати доирасида шароити оғир оилалар ёлғизлатиб қўйилгани йўқ. Уларни озиқ-овқат ва зарурий моллар билан таъминлаш доимий эътиборимизда. «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ажратилган маб­лағ эвазига 40 та оилага 50 тадан товуқ тарқатилди.

Шунингдек, Ғурумсаройдаги қаровсиз ётган 9 гектар тутзорга пахта экилиб, 9 киши пудрат шартномаси асосида мавсумий ишга жойлаштирилди.

Прокурор ҳудудидаги 4 нафар ёлғиз шахснинг ҳолидан хабар олиб туриш мақсадида уларга 4 киши қаровчи сифатида бириктирилди.

Тадбиркорлик ривожланса, жамият, юрт равнақ топади. Шу боис «Пунгон шоҳ савдо» МЧЖ раҳбари Я.Акбаровга туман прокуратураси томонидан ёрдам кўрсатилиши натижасида 4 киши иш билан таъминланиб, қолипли нон ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди.

«Ўз-ўзини банд қилиш дастури» бўйича ҳам ишсиз фуқароларни банд қилиш чоралари кўрилаяпти. Ўз-ўзини банд қилган 67 хил касб эгалари карантин даврида даромад солиғидан озод қилинишини тушунтирганимиздан сўнг туманда 244 та косиб, сартарош, новвой ва бошқа тадбиркорлар қайтадан иш бошлади.

Бундан ташқари, ишсизлик юқори бўлган Янгиер маҳалласидаги аёлларни иш билан таъминлаш мақсадида «Поп файз стом» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда 10 млрд. сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди. У ишга тушгач, яна 100 га яқин кишининг бандлиги таъминланади.

Бу борада яна кўп мисол келтириш мумкин. Бироқ халқимизда «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин» деган гап бор. Дину диёнатимизга уйғун бу ҳикматга таянган ҳолда барчасини баён этишдан тийилдик. Ҳамюртларимиз оқибатни улуғлаб келаётган эл уларни синовли кунларда ёлғизлатиб қўймаслигини ҳис этса бас.

Хусниддин ҲАКИМОВ,

Поп тумани прокурори