Kocaни мaйгa тўлдиpгaн aëл

14:37 - 16.07.2020

0

Оиласидан ажрашган Лайло икки фарзандини ташлаб, Дилмурод билан унинг отасидан қолган ҳовлида норасмий равишда эр-хотин бўлиб яшай бошлади. Дилмуроднинг яқинлари унинг Лайло билан яшашига қаршилик қилишди. Бироқ Россиядан қайтганидан бери ичкиликка берилиб қолган эркак уларнинг гапига парво ҳам қилмади.

Тез орада Дилмуроднинг соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолди. Лайло унга соғайгунга қадар қараб турди. Аммо унинг соғлиғи тўлиқ яхшиланиб кетмади. Оёқлари ишламай, куни қўлтиқтаёққа қолди. Шифохонадан чиққанидан сўнг Дилмурод тез-тез асабийлашиб, жанжал қиладиган бўлди. Лайло ҳам у билан бирга ичкилик ичиб турарди. Эр-хотин ичкилик учун уйдаги турли буюмларни сотишга тушишди.

Ўша куни ҳам кечки овқат вақтида эр-хотин “яримта”ни майдалашаётган эди. Икки пиёла ароқ ичганидан сўнг Дилмурод нос чекди. Лайло ташқарига чиқиб, қайтиб кирса, эри яна пиёлага ароқ қуяётган экан.

– Бўлди, ичмайсиз, – дея Лайло хонтахта устидаги ароқни олиб, яшириб қўйди.

Дилмурод аччиқланиб, хонтахта устида турган пиёлани унга отди. Сўнг ўтирган жойида судралиб келиб, юзига тарсаки туширди. Лайло қўрққанидан яшириб қўйган ароғини олиб, косага тўлдириб қуйди ва Дилмуродга узатди. Аммо эрининг ғазаби босилмади.

– Сенинг қўлинг теккан идишдан ароқ ичмайман, – дея уни сўка кетди.

Аёл жаҳл устида косадаги ароқни ўзи охиригача сипқориб юборди. Май таъсирида бир зумда ўзини шер чоғлади. Хонтахта устидаги пичоқни қўлига олганича “ўлдираман сени” дея дағдаға қилаётган эрига нописанд қараб турди.

Сўнг бепарвогина буюрди:

– Жанжални бас қилинг!

Аммо Дилмуродга гап уқтиришнинг фойдаси йўқ эди. У сўкинишда давом этди.

– Сен мени ўлдиришингдан олдин мен сени ўлдираман, – тоқати тоқ бўлган Лайло шундай деб Дилмуроднинг кўксига пичоқ урди…

Сўнг пичоқни гиламнинг тагига яшириб қўйди. Ҳовлига чиқиб, зина устида анча вақт ўтирди. Салгина ҳуши ўзига келганидан кейин хонага қайтиб кириб, Дилмуродга қаради. Унинг кийимлари қон, тепага қараган ҳолатда ҳушсиз ётарди. Лайло уни бир неча марта турткилашига қарамасдан қимир этмади. Аёл даҳшат ичида кўчага чиқиб, қўшниси Нурмат аканинг дарвозасини тақиллатди. Деразадан қараган қўшнисига ҳовлиққанича эрини ўлдириб қўйганини айтди. Аммо қўшниси чиқавермади.

Лайло уйга қайтиб кириб, синглисига қўнғироқ қилди. Аммо у ҳам жавоб бермади. Аёл яна жасад ётган хонага кирди. Аммо кайфи зўрлигидан ухлаб қолди…

Эрталаб туриб дафъатан нима бўлганини эслай олмади. Дилмуродни уйғотмоқчи бўлиб, яна турткилаб кўрди. Танасини ушлаб кўрганида музлаб ётар эди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Лайло Ҳамроеванинг жиноят иши кўрилди. Судда у айбига иқрор бўлиб, қонуний енгиллик сўради. Суд Лайло Ҳамроевага 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу тариқа ичкиликбозлик ботқоғига ботган оила заволга юз тутди…

Баҳодир ШЕРАЛИЕВ,

Косон тумани прокурорининг 

ўринбосари