Ишдaн бўшaтмacлик эвaзигa

14:40 - 16.07.2020

2

Каримахон Ҳамидуллаеванинг қилмиши судда кўрилди. У 2018 йилнинг март ойида Қўштепа тумани ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланган эди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Фарғона вилояти идоралараро комиссиясининг 2020 йил 24 январь кунги тақдимномасини муҳокама қилиш жараёнида аёллар жиноят содир этган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари эгаллаб турган лавозимидан бўшатиладиган бўлди.

– Ҳоким ўринбосари кечқурун соат саккиз яримда қўнғироқ қилиб ўн битта маҳалла фуқаролар йиғини мутахассисларини эртага соат тўққизга йиғилишга чақиришни буюрди, – дейди гувоҳ, «Оила» маркази туман бўлимининг раҳбари М.Қосимжонова. – 5 февраль куни эрталаб хизмат хонасида у йиғилганларга тақдимномани ўқиб эшиттиргач, аёллар ҳуқуқбузарлик содир этган маҳаллаларнинг мутахассисларига қатъий чора кўрилишини айтиб, улардан тушунтириш хати ва ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олди. Мутахассислардан бири Насибахон ишда қолдиришда ёрдам беришини сўради, бошқалар унга қўшилишди. Каримахон «юқори» билан гаплашиб кўраман, ваъда беролмайману, ҳаракатларингни қилиб туринглар, ариза, тушунтириш хати ёзиб берганларинг ҳақида гапни кўпайтирманглар деб тайинлади. Мутахассислар кетишганидан кейин қўнғироқ қилиб чақирди. Хонасига кирганимда беш юз минг сўмдан пул йиғиб беришсин, ўзлари бу ерга келишмасин, Соҳибкор маҳалласида тўпланишсин деб тайинлади. Ушбу маҳалла маслаҳатчиси Шаҳодатхонга қўнғироқ қилиб, Каримахоннинг буйруғини етказдим.

Тушдан кейин соат уч-тўртларда М.Қосимжонова ҳоким ўринбосарининг хизмат машинасида Соҳибкор маҳалласига боради. К.Ҳамидуллаева машинадан тушмасдан жўнаб кетади. М.Қосимжонова Шаҳодатхон билан мутахассислар тўпланиб турган хонага киради. Каримахон юқоридагилар билан гаплашибди, ишда қолишни истаганлар беш юз минг сўмдан йиғиб беришларинг керак экан дейди. Мутахассислар аввалига эътироз билдиришади, сўнг ноилож ҳоким ўринбосарининг шартига кўнишади.

Эртаси куни туман ҳокимлигидаги йиғилишга МФЙнинг мутахассислари ҳам келишади. Йиғилишдан кейин Шаҳодатхон пул тўпланди, бирга кирайлик дейди. М.Қосимжонова у билан ҳоким ўринбосарининг хонасига кириб, банд эканини кўриб чиқиб кетади. Холи қолганларида Шаҳодатхон  пулни ҳоким ўринбосарига беради.

– Қанча? – деб сўрайди у.

– Тўрт миллион беш юз минг, – дейди Шаҳодатхон. – Мен пул қўшганим йўқ, ишламоқчи эмасман.

– Кўпдан бери ишлаяпсиз, сизнинг ўрнингизга ўзим қўшаман, – дейди Каримахон.

– Керак эмас, қарздор бўлиб қолишни истамайман, – дея Шаҳодатхон хонадан чиқиб кетади.

Орадан икки кун ўтиб туман ҳокимлигида ишлаётган Одинахондан тақдимнома қачон келганини суриштиради. Январь ойи охирида кўриб чиқилиб, ҳайфсан жазоси беришга қарор қилинганини билганидан сўнг 8 та маҳалла маслаҳатчиси билан бирга пулларини қайтариб олиб беришни сўраб ДХХнинг Марғилон шаҳар бўлимига мурожаат қилади.

Ҳоким ўринбосари ишдан бўшатмаслик эвазига маҳалла фуқаролар йиғинининг маслаҳатчиларидан йиғдириб олган порани қайтариб берди. Суд К.Ҳамидуллаевага қилмишига мувофиқ жазо тайинлади.

Нуриддин Асқаров,

Тошлоқ тумани прокурорининг ёрдамчиси